Мақсад – фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2022 – 2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммилий дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларида олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида 2023 йилнинг август ойидан, декабрь ойи якунига қадар жами йўл-транспорт ҳодисалари 16 тага,уларда ҳалок бўлганлар 21 тага, тан жароҳати олганлар 16 тага, шунингдек, пиёдалар иштирокидаги ҳодисалар 22 тага камайишига эришилди.
– Йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳамда аниқланган камчиликлар бўйича тегишли идора ва ташкилотларга ходимларимиз томонидан 579 маротаба тақдимномалар киритилиб, йўлга масъул мансабдор шахсларга нисбатан МЖтКнинг 147- ва 196-моддалари бўйича 29 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, – дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХ бошқармаси бошлиғи, подполковник Муродбек Шерлиев. – Йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш бўйича қўшма режа асосида, 896 маротаба рейдлар ўтказилиб, йўловчи ташишда белгиланган талабларни бажармаган 7 минг 995 та қоидабузарлик ҳолати аниқланди ва тегишли чоралар кўрилди.
[gallery-15684]
Шунингдек, мавжуд 139 дона компьютерлаштирилган бошқарув тизими ёрдамида 620 минг 916 та йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланиб, ушбу қоидабузарларга нисбатан 259 миллиард 431 миллион 454 минг сўм жарима қўлланилган. Ана шу жарималарнинг 119 миллиард 120 миллион 708 минг сўми ундирилиб, 186 миллион 91 минг сўм миқдордаги жарималар МИБ органларига юборилган.
Йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш борасидаги маҳаллаларда 544 та, мактабларда 862 та, уюшмаларда 71 та, корхона ва ташкилотларда 318 та давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди. Мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича 78 та синфхонаси ва мактабгача таълим ташкилотларида 35 та йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончаси ташкил этилди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА