Мақсад аниқ: муаммоларга ечим изланмоқда
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида – Форишнинг “Ўхум” ҳамда “Учма” маҳалла фуқаролар йиғинларида туман ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ҳаким Тўйчиев сайёр қабул ўтказди.
Халқ орасига кириб бориш, улар билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг дард-ташвишларини тинглаш, фуқароларнинг яхши яшашлари учун барча қулайликларни яратиш, банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ишлар “маҳаллабай” ташкил этилиб, сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси масъуллари, маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, бир қатор мутасадди ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Қабул давомида аҳоли томонидан суюлтирилган газ билан таъминлаш, электр энергияси таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш, даволаниш ва контракт тўловларини тўлашда ёрдам кўрсатиш, ички йўлларни таъмирлаш нафақа тайинлаш, банкдан кредит маблағлари олишдаги тўсиқлар ва бошқа шу каби масалалар бўйича мурожаатлар кўтарилди.

Инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун ўтказилаётган сайёр қабуллардан мақсад, муаммоларга ечим топишдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА