Мақсад аҳолига қулайлик яратиш
Бухорода Шофиркон — Бухоро шаҳри ва Бухоро шаҳри — Шофиркон йўналишида микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилди.
“King long euro plus” русумли замонавий кўринишдаги, барча қулайликларга эга транспорт воситаси Хитой давлатидан келтирилган бўлиб, бир пайтда 15 йўловчига хизмат кўрсатади.
Микроавтобусларни ҳайдовчиларга топшириш маросимида туман ҳокими Алишер Файзиллоев ва туман сектор раҳбарлари қатнашди. Ушбу микроавтобуслар “Oq yo‘l plus” МЧЖ раҳбари Ғайрат Ҳамроев ташаббуси билан олиб келинди. Режа қилинган 15 донадан 6 таси шофирконликларнинг узоғини яқин қилиш учун фойдаланишга топширилди.

Ғ.Ҳамроевнинг айтишича, ҳадемай яна 9 та худди шундай микроавтобуслар келтирилади. Тадбиркорнинг маълум қилишича, микроавтобуслар 276 минг долларга баҳоланган бўлиб, шундан 86 минг доллари унинг ўз маблағи, қолгани эса лизинг кредит асосида қопланади. Шинам, йўловчилар учун зарур қулайликка эга микроавтобуслар аҳолининг тўлов қобилиятини инобатга олган ҳолда хизмат кўрсатади.

–Йўловчиларнинг фикри ҳамда сарф-харажатлар инобатга олиниб, Шофиркон — Бухоро шаҳри йўналишида қатновчи ушбу микроавтобус йўловчиларидан 6 минг сўмдан кира ҳаққи олинади, – дейди МЧЖ раҳбари Ғайрат Ҳамроев. – Ўйлайманки, хизматларимиз аҳолига маъқул бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА