Манзил колониясидаги шароитлар ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили томонидан Қўнғирот туманидаги жазони ижро этиш департаменти Олтинчи минтақавий ҳудуддаги манзил колониясида яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида мониторинг ташрифи амалга оширилди.
– Мазкур колонияда жазо муддатини ўтаётганларнинг умумий овқатланиш ошхонаси, даволаш-профилактика бўлими, ювиниш хоналари, яқин қариндошлари билан узоқ муддатли учрашувларнинг ташкил этилиши, кутубхона ва яратилган бошқа шароитлар ўрганилди, – дейди Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Ж.Шлимбетов. – Ўрганиш давомида манзил колонияда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти томонидан бюджет ҳисобидан колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг спорт билан шуғулланишлари учун спорт майдончаси ташкил этилган. Маъмурий бинолар, ётоқхоналар ҳамда ошхона қайта таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Ташриф давомида минтақавий вакил ҳамда Жазони ижро этиш колонияларида қонунларга риоя қилиниши устидан назорат бўйича Қўнғирот махсус прокурори томонидан жамоавий ва якка тартибда учрашув ташкил этилди. Унда маҳкумлар томонидан билдирилган муаммолар ўрганилди. Жумладан, колонияда узоқ муддатли учрашув масканини ташкил этиш чораларини кўриш бўйича муассаса раҳбариятига тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини аниқлаш мезонлари асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш бўйича комиссия йиғилиши ташкил этилди. Унда колонияда жазо муддатини ўтаётганлар бўйича тақдим қилинган ҳужжатлар ўрганилиб, муассасада ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этган 137 нафар маҳкум тузалиш йўлига ўтган деб топилди. Шунингдек, минтақавий вакил томонидан мазкур манзил колониядан Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимига ётқизилган маҳкум Жаббарберген Қадиримбетовнинг аҳволидан хабар олинди.

Маҳкумнинг соғлиғида жиддий муаммолар бор эканлиги аниқланиб, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли тавсиялар асосида шу куннинг ўзида беморга Нукус шаҳридаги республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология тиббиёт марказида даволаниши учун йўлланма берилиб, касалхонага ётқизилди. Беморнинг соғлиғи минтақавий вакил томонидан доимий назоратга олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири