Мансабдорларга жиноят иши очилди
Бухоро вилояти Жондор тумани тиббиёт бирлашмасида гиёҳванд дори воситалари талон-тарож қилингани аниқланди.
Маълум бўлишича, ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда прокуратура органлари томонидан ўрганилган.
Ўрганиш жараёнида 2024 йилдан буён туман тиббиёт муассасаларида гиёҳвандлик ва психотроп воситаларнинг сақланиши ҳамда улардан мақсадли фойдаланиш тартиби ўрганилган. Текширув натижаларига кўра, 2025 йил январь-июль ойларида реанимация бўлимига ички дорихонадан қабул қилинган айрим дори воситалари ҳисобида етишмовчиликлар аниқланган.
Натижада, 10 ампула “Морфин гидрохилорид”, 20 ампула “Фентанил 0,005 фоиз”, 2 ампула “Промедол 2 фоиз”, 10 ампула “Промедол 1–2 фоиз” гиёҳванд дори воситалари ноқонуний равишда йўқотилгани маълум бўлди.
Текширув хулосаларига кўра, тиббиёт бирлашмаси масъул шахслари ҳаракатларида гиёҳванд моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш жинояти аломатлари аниқланган. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 271-моддаси 2-қисми (“в” ва “д” бандлари) билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан сўроқ қилиш, юзлаштириш, таниб олиш учун кўрсатиш ва бошқа тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.