Маннон Уйғур хотира кечаси
Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида Ўзбекистон Халқ артисти, режиссёр Маннон Уйғур (Мажидов) таваллудининг 125 йиллик хотира кечаси кенг нишонланди.
Тадбирда Маннон Уйғурнинг ибратли ҳаёт йўли ва ўзбек профессионал театрини ташкил этишдаги сермаҳсул ижоди ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Мамлакатимимзда бу санъатнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Олим Хўжаев, Шукур Бурхонов каби буюк санъаткорларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди. Маннон Уйғур саҳнадаги илк фаолиятини 1916 йил Тошкентдаги “Турон” труппасида ҳаваскор актёр сифатида бошлаган. Орадан уч йил ўтиб, Тошкент шаҳрида ўзбек профессионал труппасини ташкил этиб, унга раҳбарлик қилган.
Труппада саҳналаштирилган спектаклларда роллар ижро этган. 1918 йилда “Туркистон табиби” асарини ёзиб, унда Ешимқул образини талқин этган. 1921 йил Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” мусиқали драмасини саҳналаштириб, ундаги Раҳим ролини ижро этган. Ғофур Ғуломнинг “Бой ила хизматчи” асаридаги Ғофур образини юксак маҳорат билан яратган. Москвада Ўзбек маориф уйи қошидаги драма студиясида таълим олиб қайтгач, Ҳамза театрининг режиссёри ва бадиий раҳбари сифатида фаолият юритган. Озарбайжон ва Татар драматургларининг қатор асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбек театр мактабининг асосчиси, актёр, таржимон, драматург ва режиссёр Маннон Уйғур 1932 йилда “Ўзбекистон Халқ артисти” унвонига сазовор бўлган. 1978 йил Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрига Маннон Уйғур номи берилиб, 2016 йил бу даргоҳ Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрига айлантирилган.
– Менинг онам Хадича Бобохонова Маннон Уйғурнинг шогирди бўлган, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Гулнора Равшанова. – У кишининг қўлларида икки йил таҳсил олган. Шу даврда онам моҳир актёр назарига тушиб қолган. Кейинчалик Маннон Уйғур онам билан Зебо Ғаниевани Москвага ўқишга жўнатган. Онамнинг айтишича, ул зотни ҳеч ким Маннон Уйғур, дея атамаган. Уйғур оға, дейишган. Хадича Бобохонованинг таниқли актриса бўлишида устозлари Маннон оғанинг хизмати жуда катта бўлган. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Зебо Ғаниева фронтда хизмат кўрсатишга йўл олган. Онамни Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрига жўнатишган. Онам шу театрда 65 йил ижод қилиб, саҳнада 150 га яқин образ яратган. Мен ҳам Ўзбек театр мактабининг асосчиси, буюк актёр Маннон Уйғур шогирдининг шогирди бўлганимдан ҳамиша фахрланаман. Онам Хадича Бобохонова изидан бориб, шу театрда 60 йил меҳнат қилиб қўйдим. Юздан ортиқ рол ижро этдим. Бир сафар уйда Маннон Уйғурни эслаганларида онам устозининг сўзга жуда уста бўлганини айтиб, ҳар бир кишидан сўзни равон айтишни қатъий талаб қилганини ёдга олган эди.
Санъат фидойиси 1955 йил октябрь ойида 58 ёшида вафот этган. Мустақиллик йиллари бошқа марҳум улуғ санъаткорлар сингари Маннон Уйғурнинг ҳам ўзбек театр санъати ривожидаги хизматлари алоҳида эътироф этилиб, давлатимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Хотира кечасининг театрлаштирилган дастурида Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри санъаткорлари турли спектакллардан саҳна кўринишлари, Маннон Уйғур саҳналаштирган “Ҳалима” спектаклидан арияларни, шунингдек, дилрабо куй-қўшиқларни ижро этди. Сурхондарё вилоят қўғирчоқ театри санъаткорлари ва Термиз ихтисослашган санъат мактаби ўқувчиларининг мусиқали композициялари намойиш этилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА