Маънисиз жавоблардан қачон қутиламиз
Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида бугунги кунда “Ободонлаштириш” деб номланган ташкилотлар мавжуд.
Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида бугунги кунда “Ободонлаштириш” деб номланган ташкилотлар мавжуд. Ўз номи билан бундай бошқармалар ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, чиқиндилардан тозалаш каби вазифаларни бажаради.
Афсуски уларнинг кўпчилигини номига муносиб ишлаяпти деб бўлмайди. Қайси туманга бормайлик йўл ёқаларида қаровсиз қолдирилган дарахтлар, массивларда уюлиб қолган чиқиндиларга кўзимиз тушганда ҳудуддаги ободонлаштириш бошқармалари вакилларидан изоҳ сўраймиз. Албатта, улар бундай ҳолатнинг юзага келишига объектив ва субъектив сабабларни қалаштириб ташлашади. Маънисиз жавоблардан энса қотганча қайтишга мажбур бўласан киши.

Аммо Китоб туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан қилинаётган ишлар барчага ўрнак бўладиган даражада намунали экан.
Туманга хизмат сафари билан борганимизга бунга гувоҳ бўлдик.
Баҳор келиши билан кўчалар обод қилинади. Барча ҳудудларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Дарахтлар оқланади, катта кўчаларга ҳар хил турдаги гуллар ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Хуллас ҳудудларни кўркам гўшаларга айлантириш учун барча бирдек ҳисса қўшишга ҳаракат қилади. Бу эзгу амалларни бажаришда айниқса ҳудудларда ташкил этилган ободонлаштириш бошқармаларининг ўрни катта.

Китоб туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳар йили алоҳида тайёргарлик кўради. Ташкилотга қарашли 12 гектар ерда ишчилар томонидан юзлаб турдаги манзарали дарахт ва гул кўчатлари экиб парваришланади. Совуққа чидамайдиган гуллар махсус иссиқхоналарда ўстирилади. Ташкилот вакилларининг таъкидлашича, ушбу ўсимликларнинг уруғлари ҳам кеч кузда майдонлар ва йўл ёқаларига экилган гуллар ва дарахтлардан ҳашар йўли билан териб олинади.
Масалан, айни пайтда ташкил қилинган боғда ҳар-хил турдаги 200 минг дона 1-3 ёшли дарахт ниҳоллари парваришланмоқда. Боғнинг очиқ майдонларида ҳар йили 700-800 минг дона мавсумий гул кўчатлари экилиб, парвариш қилинади ва туман ҳудудларига экилади. Бошқарма ишчиларининг машаққатли меҳнати эвазига иссиқхоналарда гул кўчатлари баравж ўсмоқда.
Бугунги кунда бошқарма тасарруфида ободончилик, дайди ҳайвонларни тутиш, Китоб Нур ва қабристонларни ободонлаштириш ва сақлаш бўлимлари мавжуд бўлиб уларга 16 та техника воситаси бириктирилган. 387 нафар ишчи хизматчи иш билан таъминланган.

– 2018-2019 йилда бир қатор ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди бошқарма бошлиғи Абдусами Ҳамидов. – Туман маркази шох кўчалар, маҳаллалардаги кўчалар ва 13 та қишлоқ шаҳарчаларида 41 минг 500 дона ҳар хил турдаги манзарали дарахт кўчатлари экилди. Доимий равишда 295 минг квадрат метр кўча ва хиёбонларда хар куни супир-сидир ишлари амалга оширилиб, тозаланади. Йиғилиб қолган чикиндилар белгиланган тартибда ташиб кетилмоқда. Мақсад ҳудудимиз ободлигига ҳисса қўшиш. Бундан ташқари мавжуд қабристонларда ободонлаштириш ишлари ҳам мунтазам равишда давом эттириб келинмоқда. Энг муҳими ободонлаштириш ишларида кўчатларни ҳам, гулларни ҳам ўзимиз етиштирамиз. Четдан сотиб олмаймиз.
Жорий йилда ҳам ободонлаштириш бошқармаси балансидаги мавжуд 155 та қабристондан 48 тасида атроф деворларини, йўл ва йўлакларини, мавжуд иморат ва иншоотларини таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек мавжуд қабристонлар ҳар хил турдаги иш қурол ва анжомлар билан тўлиқ таъминланди. Ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 12 минг 200 дона манзарали дарахт кўчатлари экилди.