Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Танабата” анъанавий япон фестивали ва “Манга” расмлар кўрик-танлови бўлиб ўтди.
"Танабата" бу - анъанавий япон байрами бўлиб, кўп жойларда “юлдузлар фестивали” деб ҳам аталади. Бу байрам Японияда ҳар йили 7 июлда нишонланади.

Тадбир давомида "Манга" кўрик-танлови, Танабата афсонаси, маҳорат дарслари, анъанавий япон кийимини кийиб расмга тушиш маросими, япон чойи ва ширинликлари, анъанавий япон таомлари, "Фукинагаши" анъанавий япон безакларини ясаш каби намойишлар ҳавола қилинди.

Мамлакатимизда ҳам япон миллатига мансуб юртдошларимиз кўплиги боис "манга" санъати тобора оммалашиб бормоқда. "Манга" қадимий тарихга эга ва япон маданиятининг муҳим қисмидир. Бироқ сўнгги йилларда япон комикслари санъати ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларида медиа маданиятининг ажралмас қисмига айланди. Кино ва адабиёт сингари манга ҳам турли жанрларни қамраб олган бўлиб, уни барча ёшдаги одамлар ўқий олади.

Жорий йилда “Манга” кўргазма-танловида 11 ёшдан 29 ёшгача бўлган 85 нафар иштирокчи ўз асарларини тақдим этди ва ғолиблар сараланди.
Унга кўра, 10 ёшдан 13 ёшгача бўлганлар тоифасида Амелие Хисамиева, 14 ёшдан 17 ёшгача бўлганлар тоифасида Шахинабону Усмонова ҳамда 18 ва ундан катталар тоифасида Азизбек Сайдуллаев ғолибликни қўлга киритди.

Танлов ғолиблари диплом, совғалар билан тақдирланди ва барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Кўргазма жорий йил 16 июлга қадар давом этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА