Манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда муҳим омил
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган профилактик учрашув бўлиб ўтди. Унда бошқарма раҳбарияти ва шахсий таркиби, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, ҳар бир жабҳада коррупцияга қарши муросасиз муносабатнинг шакллантирилишида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади. Давлат божхона хизмати органларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳал этишнинг асосий мақсади, ходимлар томонидан мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ушбу ҳолатга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган вазиятларни бартараф этиш, улар томонидан шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслик ҳисобланади.

Тадбирда Адлия вазирлиги масъул вакиллари иштирокида коррупцион ҳолатларга олиб келувчи энг хавфли хатарлардан уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик каби кўринишларда намоён бўлувчи манфаатлар тўқнашувининг олдини олишнинг аҳамияти борасида фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоиз, божхона расмийлаштируви ва назоратида инсон омилини камайтириб, божхона тизимидаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда соҳанинг рақамлаштирилганлик даражаси муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда божхона органлари фаолиятида 35 та ахборот тизими, 15 та интерактив хизмат ва 11 та мобил илова жорий этилиб, салбий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган имкониятларнинг барчаси бартараф этилмоқда.
Ташкил этилаётган бу каби учрашувлардан кўзланган асосий мақсад, ходимлар ўртасида тамагирлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва кимгадир суяниш орқали ўз хизмат ваколатидан четга чиқиш ҳолатларининг олдини олишдан иборатдир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.