Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров шу ҳақда маълумот берди:
– Президент қарори ва “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуни ижроси доирасида 2024 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди. Бош вазир раислигида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги комиссиянинг ишчи органлари этиб белгиланди.
Комиссия йиғилишининг баёни билан “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати шакллантирилди.
Рўйхатга республика даражасидаги 27 та давлат органи ва ташкилоти, 71 та республика ижро этувчи ҳокимият органи, 10 та давлат мақсадли жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар, туман-шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган 49 та хўжалик жамиятлари, унитар корхоналар киритилди.
Қарорга асосан, Агентлик, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан қонунни амалга ошириш бўйича намунавий идоравий дастур ишлаб чиқилди.
Комиссияга қонун кучга киргунга қадар унда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалаларни давлат органлари ва ташкилотларида ишчи гуруҳларни тузган ҳолда ўрганилишини ташкил этиш юклатилди.
Шунга кўра, комиссия томонидан ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, уларнинг вазифалари белгиланди. Хусусан, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳга – республика ижро этувчи ҳокимият органларида; Адлия вазири ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳга – маҳаллий давлат ҳокимияти органларида; Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳга – республика даражасидаги бошқа давлат органлари ҳамда устав фондида давлат улуши бўлган юридик шахсларда қонун кучга киргунга қадар унда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Ишчи гуруҳлар томонидан давлат хизматчилари учун ўрнатилган чекловларга риоя этилишининг аҳволи тегишли саволнома ва жадваллар асосида ўрганилди ва натижаларга эришилди.
Маълумки, вазирлик ва идоралар, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бўлиб, Агентлик томонидан мазкур талабларга риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Натижада 1 минг 488 нафар бошқарув ходими 1 минг 653 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди. Агентлик томонидан бу ҳақда давлат органлари ва ташкилотларига 33 тақдимнома киритилди.
Агентлик томонидан “etender.uzex.uz” электрон ахборот тизими орқали давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя қилиниши масофавий ўрганилди. Жами 175,4 миллиард сўмлик 127 давлат харидида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани, 22 ҳолатда 23,9 миллиард сўмлик рақобатни чекловчи усуллар орқали ғолиблик қўлга киритилгани аниқланди. Ушбу давлат харидларининг натижаларини бекор қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида мазкур давлат харидлари бўйича расмийлаштирилган баённома ва шартномалар бекор қилинди.
Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Агентлик томонидан давлат идоралари ва ташкилотлар ходимларининг манфаатлар тўқнашуви бўйича билим ва кўникмаларини баҳолаш учун тест саволлари ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигининг махсус test.adliya.uz сайтига жойлаштирилди. Бугунги кунга қадар давлат идоралари ва ташкилотларнинг 95 минг 600 нафардан ортиқ ходими тест синовларини топширди.
Тест натижалари бўйича тасдиқланадиган режа-жадвал асосида ҳар ойда давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ходимлар учун ўқув-машғулотлари ташкил этилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан 67 ташкилотнинг 30 минг 760 нафар ходими ўқитилди.
Қонунчилик ҳужжатларини “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қонун ҳужжатлари лойиҳалари пакети шакллантирилиб, тегишли қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.
Қарорда тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартибини белгилаш назарда тутилган. Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилди.
Агентлик, Академия ва Адлия вазирлиги томонидан давлат хизматида юзага келадиган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, уларни бартараф этиш чоралари бўйича миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга асосланган услубий қўлланма, ходимлар учун манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар ва бундай вазиятларда кўриладиган чоралар бўйича иллюстратив тарқатма материаллар тайёрланди. Қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларига фойдаланиш учун юборилди.
Халқаро экспертларни жалб этган ҳолда “Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ва манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг намунавий шаклларини тасдиқлаш ҳақида”ги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг буйруғи Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Агентлик томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлашда фаол ёрдам берган шахсларга ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот пули беришни назарда тутувчи “Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлашга кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга оид қонунчилик талабларини ходимлар ва кенг жамоатчиликка тушунтиришга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА