Маънавиятсиз келажак бўлмайди
Келажак ҳақида ўйлаётган эканмиз, аввало, кўз ўнгимизда ўсиб келаётган ёшлар намоён бўлади.
Шу боис ҳам ёш авлод камолоти, уларнинг қизиқиш ва интилишлари, ташаббус ва таклифларини рўёбга чиқариш бугун олдимизда турган долзарб масала ҳисобланади.
Президентимиз раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган мамлакатимизда бугун миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, хусусан, ўғил-қизларни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш, бунинг учун мактабгача таълим муассасаларига методик ёрдам кўрсатиш муҳимлиги алоҳида тилга олинди. Шунингдек, миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилди.
– Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.
Мана шу жумланинг ўзида маънавиятнинг жамиятдаги ўрни нима эканлиги аниқ белгилаб берилган. Мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу тарихий муҳим воқеа айнан миллат маънавиятининг фидойиларидан бўлган Маҳмудҳўжа Беҳбудий таваллуд топган санада ўтказилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. ХХ асрнинг бошларида Беҳбудийнинг миллат болаларини илмсиз қолдирманг, деган васиятлари бор эди. Бу бугунги куннинг ҳам энг катта шиорига айланиши керак.
Ҳақиқатан ҳам, ёшларимиз тарбиясида, айниқса, халқимиз айрим қатламларидаги уларнинг хулқи ва ўзаро муносабатларидаги маънавиятимизга ёд бўлган айрим хусусиятлар ҳеч кимни ташвишга солмай қўймайди. Маънавий-маърифий соҳа инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олади. Мана шу ишларга қатъий бел боғлаб, илмий жиҳатдан ёндашиб, барча соҳа вакилларини жалб қилган ҳолда киришиш вақти келди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир соҳага катта эътибор қаратиб келади. Маънавиятимизнинг ривожланиши келажагимизнинг ривожланишидир. Бу йиғилиш ёшларимизнинг мафкураси, уларнинг бугунги жамиятда яшайдиган тафаккури, уларнинг маънавий жиҳатдан соғлом бўлишига қаратилган йиғилиш бўлди. Чунки, ҳар қандай ҳолатда ҳам маънавияти етук инсон жамиятимизни тараққий эттириб, келажагини белгилаб бера олади.
Йиғилишда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгиланди.
Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамоат ишларидаги ташаббусларини рағбатлантириш, илмий-ижодий ҳамкорлик муҳити, дўстлик алоқаларини шакллантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва фан-техника, тараққиёт йўлида бирлаштириш, уларнинг таклиф ва истакларидан келиб чиқиб, ёшлар ҳаётига оид масалаларни муҳокама қилиш, барча даражадаги қарорларни қабул қилишда уларнинг иштирокини таъминлаш ёшларга оид олиб борилаётган сиёсатнинг асосий мақсади саналади.
Кўпмиллатли юртимизда истиқомат қилаётган ёшларимизни миллий қадриятларни эъзозлаган ҳолда уларнинг маънавий тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Ҳозир юртимизда 147 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатяпти. Улар мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллатлар қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш баробарида, ёшларимизни ўзга элатлар маданиятини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар Ўзбекистонни ўз Ватани, тақдирларини Ўзбекистон тақдири билан туташ, миллий маданиятлари ривожини Ўзбекистон тараққиётининг узвий қисми, деб билмоқда.
Иқтисодиётимиз юксалаётган, дунёқарашимиз янгиланаётган бир пайтда биз янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида фикри комил, нуқтаи назари теран, мақсади аниқ ва эртасига ишонадиган маънавиятли инсонларни тарбиялашимиз керак.
Рустамбек ҚУРБОНОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Миллатлараро муносабатлар ва
хорижий мамлакатлар билан
дўстлик алоқалари қўмитаси раиси