Маънавиятимиз сарчашмаларини ёд этиб
Давлат активларини бошқариш агентлигида Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан «Маънавиятимиз сарчашмалари» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Бадиий кечада Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Абдимурод Тиловов, шоир Абдумажид Азимов ва бошқалар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сара асарларидан намуналар ўқиб, йиғилганларга алломалар ҳаёти ва ижоди ҳақида қимматли маълумотлар тақдим этди.
Тадбир вебинар кўринишда ҳам ташкил этилган бўлиб, агентликнинг вилоят бўлимлари ҳам кузатиб бориш имкониятига эга бўлди.
– Ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурни билиш, уларнинг асарларини мутолаа қилиш ҳар бир ўзбекнинг бурчи, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори маслаҳатчиси Жуманазар Мелиқулов.
– Ҳар биримиз қайси соҳада фаолият юритмайлик, албатта, Ҳазрат Навоий ва Бобур асарларини ўқишга эҳтиёж сезишимиз, уларнинг қолдирган бой маънавий меросидан баҳраманд бўлишга интилишимиз зарур. Бугунги тадбир айнан ана шу мақсадда ташкил этилди.
[gallery-1122]
Алломалар ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўтказилган савол-жавоблар викторинасида ғолиб бўлган агентлик ходимлари раҳбарият ва меҳмонлар томонидан тақдирланди.
Д.Маматова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА