Маънавият кемирувчилари
Ҳар бир даврнинг ўз юксалиши ва эврилиши бўлган. Бугунги кунда техниканинг жадал тараққий этаётгани инсоният учун мисли кўрилмаган қулайликлар ва янги имкониятлар тақдим этмоқда.
Бироқ, баъзи нарсалар ўз аслича гўзалки, уларнинг ўрнини ҳар қандай сунъийлик билан тўлдириб бўлмайди. Ана шундай бетакрор соҳалардан бири бу ижоддир.
Шуни айтиб ўтиш керакки, ҳар бир кашфиёт ортида аниқ кўзланган мақсад мужассам. Гарчанд, бу кашфиёт бошқа йўналишларга татбиқ қилиниш имкониятини берса-да, бутунлай ўзини оқламайди. Хусусан, сунъий интеллектдан “ижодий мақсадда” фойдаланаётганлар том маънода миллат маънавияти кемирувчилари. Чунки санъат, адабиёт халқнинг иродаси, бой тарихи-ю қудратли келажаги жам бўлган йирик шаклланиб борувчи тармоқлар. Шу маънода мазкур соҳаларга даъвогарман деган киши аввало соф қалб эгаси бўлмоғи шарт. Негаки, ижод фақат ва фақат чин сўзни талаб қилади. Шундай экан, ўзбек миллатининг бетакрор мусиқа санъати, ранг-баранг адабиёти бўла туриб, сунъий қўшиқлар, шеърлар кўпайиб бораётгани киши таъбини хира қилади.
—Инсон истеъдоди ва машаққатли меҳнати билан қилган мураккаб ижросини сунъий интеллект осонгина такрорлаб беряпти, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Отабек Муҳаммадзоҳид. — Бир куни ижтимоий тармоқда ўз қўшиғимга кўзим тушди. Қарасам, бир йигит менинг ижройимни бирга бир такрорлаяпти. Қизиғи, буни осонгина амалга оширяпти. Шогирдлардан шу йигитни топишни сўрадим. Шунда улардан бири бу сунъий интеллектда қилингани, исталган киши овозидан шунақа ижро ясаш мумкинлигини айтди. Бу менга оғир ботди. Сабаби, ҳақиқий санъатни, кучли ижрочини қадрлайдиган миллатимиз учун бундай номақбул усул - йўлдан урувчи рақиб кабидир.
Миллатнинг эртаси унинг ёшлари билан белгиланади. Мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар ва қаратилаётган эътибор натижасида юксак марраларни забт этаётган ёшлар сони ортиб бораётгани кишини қувонтиради.
Шу билан бирга, ҳақиқий санъат ва адабиёт завқини туймай, сунъийлик билан тўйинган бемаза контентларга муккасидан кетган ёшлар тоифаси ҳам йўқ эмаслиги хавотирга ҳам солади. Халқимизда “Қалбдан чиққани қалбларга боради”, деган ибора бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, инсон кечинмаларини фақатгина инсон тасвирлашга ҳақли. Сунъий интеллект рақамлаштириш ва шунга ўхшаш тизимларни тараққий эттирсин-у, мусиқа ва адабиётга аралаштирилмасин. Шундагина буюк миллатимизнинг самимий руҳи, соф маънавияти ва бой маданияти аслича сақланиб қолади. Бу барчамизнинг келажак авлод олдидаги адо этишимиз лозим бўлган бурчимиз.
Шербек Исломов,
ЎзА