Маънавият фидойиси 80 ёшда
Термиз давлат университетида Республика маънавият ва маърифат маркази Денов тумани бўлими раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Турон” фанлар академияси академиги, филология фанлари номзоди Тоштемир Турдиевнинг 80 йиллик юбилейи тантанали нишонланди.
Тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари ўринбосари Ғайрат Мажид, шунингдек, шоир ва ёзувчилар, университет ўқитувчилари, шаҳар ҳамда туманлар Маънавият ва маърифат бўлимлари, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
– Қарийб 60 йил умрини воҳа маънавиятини ривожлантиришга бағишлаб, ёш авлоднинг маърифати учун жонкуярлик билан меҳнат қилган Тоштемир Турдиевни бевосита маънавият виждони сифатида таърифлаш жоиз, - дейди вилоят раҳбари Тўра Боболов. – Фаолияти давомида 20 дан ортиқ асари, кўплаб публицистик мақолалари билан самарали ижод қилаётган, 80 ёшида ҳам шижоатга тўла бу инсон ҳамиша ҳурмат ва эъзозга лойиқ.
[gallery-5755]
Тадбирда сўз олган Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов Тоштемир Турдиевнинг адабиётга, маънавият ривожига қўшган ҳиссаси хусусида самимий фикрларини изҳор этди.
Ёш ижрочилар ҳамда фольклор этнографик ҳамда мақом ансамблларининг чиқишлари тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ, ЎзА