Маънавият фидойилари
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 майдаги "Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра, 15 апрель санаси «Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни» деб эълон қилинган эди.
Халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришнинг муҳим воситаси сифатида миллий маданият ва санъатни равнақ топтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, йирик дастурлар соҳа равнақини янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда янгиланиб бораётган Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, бебаҳо маданий, маънавий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, юртимиз ва халқаро миқёсда тарғиб этиш бўйича кўплаб маърифий лойиҳалар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.
Маданият ва санъат ташкилотларининг «Дўстлар клублари» фаолиятини йўлга қўйиш орқали уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича янгича самарали тизим яратилди. Музейлар реновация дастури қабул қилинди. Ушбу дастур асосида музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларга илғор ва замонавий технологияларни кенгроқ жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Халқимизнинг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган «Хоразм лазгиси» ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилди.
Маданий мерос объектлари ва санъат ашёларини реставрация қилиш бўйича миллий мактаб, шунингдек, халқ чолғулари, миллий рақс, мақом йўналишларида республика кўрик-танловлари қайта тикланди. Мунтазам равишда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор санъати фестивали ҳамда «Рақс сеҳри» халқаро фестивали ташкил этилиб, мумтоз ва фольклор санъатимизнинг ноёб намуналари ва анъаналарини ҳамда маданий мулоқотни янада ривожлантириш бўйича самарали тизим йўлга қўйилди. Театр ва музейлар, маърифат масканлари, маданият марказлари ҳолатидан доимий хабардор бўлиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг самарали меҳнат қилиши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш устида тинимсиз ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Жорий йил аввалида Ўзбекистон Республикасининг "Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида"ги қонуни қабул қилингани соҳага доир ҳуқуқий механизмларнинг мукаммаллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда 10 дан ортиқ янги маданият муассасаси, жумладан, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Маданий мерос департаменти, Ўзбек миллий мақом санъати ва Бахшичилик санъати марказлари, «Баҳор» давлат рақс ансамбли, Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамда унинг Урганч филиали, Ю.Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати олий мактаби, опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган ҳамда бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари фаолияти йўлга қўйилганлиги эътиборга моликдир. Бу эса миллий санъатимизни ривожлантиришга давлат томонидан кўрсатилаётган эътибордан дарак беради.
Шу билан бирга ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, онлайн тарзда бахшилик, мусиқий ижрочилик, эстрада, мақом йўналиши бўйича фестиваллар, кўрик-танловлар ўтказилиб, ёш истеъдодлар кашф этилиб, улар мунтазам рағбатлантириб борилаётир.
Давлатимиз раҳбари мамлакатнинг турли ҳудудларида сафарларда бўлгани чоғида, ҳар дам, ҳар лаҳза ижодкор зиёлиларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун мисли кўрилмаган имкониятларни яратиш, иззат ва эҳтиром кўрсатиш борасида мунтазам амалий лойиҳаларни ҳаётга кенг жорий этмоқда. Яқиндагина Ўзбекистон театрлари ходимларига йўллаган табригида, миллий кино бўйича қабул қилинган фармон ва қарорда ҳам бу эътибор мужассамдир.
Агар жиддийроқ ўйлаб қаралса, ижод аҳли учун кўрсатилаётган бундай амалий ғамхўрлик замирида ёшлар маънавиятини асраб-асрашда ижодкорларнинг фаол фуқаролик позицияси ва масъулиятини янада кучайтиришдек жиддий мақсад-муддаолар ўз ифодасини топган. Ҳа, халқимиз азалдан зиёлилар, санъаткорлар, ижод, маърифат аҳлига ўзгача ҳурмат ва эҳтиром билан қараган. Зеро, улар тарбия, маънавият, маърифатнинг энг фаол ва толмас, фидойи маёғи бўлиб келганлар. Бу йил Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни юртимизда илк бор нишонланмоқда. Кимдир жонажон театрида, биров музейда, бадиий-ижодий жамоаларда изланиш, ижод билан машғул. Ортиқча дабдабабозлик, тадбирбозликдан, "урра-урра"чилик кайфиятидан холи тарзда ўтмоқда бу сана. Негаки, соҳа ходимларига бўлган меҳр ва рағбатни уларнинг ҳар бири ҳар куни ўз меҳнат фаолияти, ижоди, ҳаёти давомида яққол ҳис этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА