Маънавий юксакликка етакловчи маскан
Халқимиз азал-азалдан китобни қадрлаган, уни авайлаб асраган.
Чунки китоб ақлни чархлайдиган, инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган бебаҳо воситалардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Президентимизнинг 2019 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори эса бу борада олиб борилаётган ишларнинг янада жонланишига хизмат қилаяпти.
Айни пайтда Навоий вилоятида 431 та, жумладан, битта Ахборот-кутубхона маркази, шаҳар ва туманларда 9 та Ахборот-кутубхона маркази, олий таълим муассасалари тасарруфида 2 та, ХТБ тасарруфида 359 та, Маданият бошқармаси тасарруфида 16 та, касбий таълим тизимида 25 та, НКМК тизимида 11 та, “Навоийазот” АЖда 2 та ва 6 та Кўзи ожизлар кутубхонаси аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.
– Абдулла Қодирий номидаги ахборот кутубхона марказининг умумий китоб жамғармаси 165 738 нусхани ташкил этиб, китобхонлар сони қарийб 14 минг нафарга етди, – дейди марказ директори Рамазон Ражабов. – Марказимизда китобхонлар сони ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида биргина жорий йилнинг 3 ойи мобайнида 2 та китобхонлар анжумани, битта Республика китоблар байрами, 22 та адабий-бадиий кеча, 18 та турли танловлар ва билимдонлар беллашуви ташкил этилди. Шунингдек, “Китобхонлик ҳафталиги” ташкил этилди. Ҳафталик доирасида тақдимотлар, мулоқотлар, учрашувлар, давра суҳбатлари, маҳаллаларга махсус библиобуслар воситасида китоб тақдим этиш тадбирлари ва бошқа кўплаб қизиқарли лойиҳалар ўтказилди.
Китоб инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Зеро, китоб ўқиган кишининг маънавияти юксалиб, дунёқараши кенгайиб бораверади. Вилоятдаги барча ахборот-ресурс марказларида китобхонлар учун барча қулайлик ва имкониятлар яратилган бўлиб, замонавий коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.
[gallery-2482]
– Мен ҳар куни ёки кунора ушбу маънавият масканига келиб тураман, – дейди китобхонлардан бири Аброр Акбаров. – Китобнинг инсоннинг онгу тафаккурини, маънавий оламини бойитишдаги ролини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Бугунги ёшларимиз орасида китобга қизиқиш тобора кучайиб бормоқда. Буни кутубхонага келаётган ёшлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ердан ўзингиз излаган, қизиққан китобларингизни топишингиз мумкин. Бу борада бизга марказ ходимлари яқиндан кўмак беради.
Марказда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг бадиий адабиётга қизиқишини ошириш мақсадида “Кутубхона маънавият маскани”, “Бахтли болалик ва саодатли умрнинг кафолати”,“Адабиётга эътибор – келажакка, маънавиятга эътибор”, “Китоблар байрами” доирасида “Китоб – ўқиб қадрланади”, “Энг фаол китобхон”, “Энг фаол китобхон оила”, “Энг фаол китобхон раҳбар” каби тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
– Навоий вилоятидаги барча маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда имконияти чекланган китобхонларга қулайлик яратиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олганмиз, – дейди марказ директори ўринбосари Шамсия Бақоева. – Бунда бизга “Китобхонлар клуби” аъзолари яқин кўмакчи бўлмоқда. Улар хонадонларга бориб, имконияти чекланган юртдошларимизга китоблар ўқиб беради, уларни қизиқтирган китобларни топишда кўмаклашади. Шунингдек, марказимизда кўчма кутубхоналар ташкил этилиб, керакли адабиётлар билан таъминлаб борилмоқда.
Айни пайтда “Электрон – инновацион кутубхона” лойиҳаси доирасида Ахборот кутубхона маркази фондидаги китобларнинг электрон нусхаси яратилмоқда. Шу кунга қадар 2000 номдан зиёд китобнинг электрон варианти яратилиб, аҳоли гавжум жойлар, бекатлар, маҳаллалар, вокзал ва аэропорт бинолари яқинига адабиётларнинг номи ва уни онлайн базадан топиш имконини берувчи QR код жойлаштирилган “Электрон – инновацион кутубхона” баннерлари ўрнатилди. Энди фойдаланувчилар бир вақтнинг ўзида ҳам электрон китоб билан танишиши, ҳам ушбу китобларнинг аудиоларини эшитиши мумкин. Бунда фойдаланувчилар смартфонда QR код орқали китобларни интернет ресурсларидан тез ва осон топиш имконияти мавжуд. Ким хоҳласа китобнинг аудиосини, ким хоҳласа матнли шаклини бемалол ўқиб ўрганиши мумкин.
Албатта, юртимизда бу каби маънавият марказларининг мавжудлиги барчамизни қувонтиради. Ахир китоб инсонни эзгуликка, маънавий баркамолликка етакловчи асосий кучдир. Китоб ўқиган киши эса ҳеч қачон разилликка бормайди, барчага яхшиликлар соғиниб яшайди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА