Маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ошади
Навоий вилояти Маънавият ва маърифат марказида умумий ўрта таълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари иштирокида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғояси асосида таълим муассасаларида 2023-2024 ўқув йилида маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни намунали ташкил этиш бўйича вилоят семинари бўлиб ўтди.
Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ҳақида сўз юритилиб, умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, соҳада тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари, истиқболдаги режалар муҳокама этилди.


Жумладан, вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ходжаев вилоятда маънавий-маърифий йўналишда мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш, ўқитувчилар олдида турган муҳим вазифаларга тўхталиб, бу борада ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилиши лозим бўлган йўналишлар тўғрисида гапириб ўтди.
Шунингдек, “Тафаккур” ННТ раҳбари Жонибек Шуҳратов “Ватанпарварлик ва миллий ғурур – тарбия таянчи” мавзусида маъруза қилиб, барча муваффақиятларнинг калити китоб эканлиги, китобхонликни тарғиб қилишда янгича ёндашувлар хусусида сўз юритди.


Тадбирда таълим муассасаларида маънавий-маърифий йўналишда ишларни ташкил этишнинг янгича креатив усулларидан фойдаланиш, ўқитувчи, ўқувчи, ота-оналар ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали таълим-тарбия жараёнларини самарали ташкил этиш, шунингдек, тарбия жараёнларида оилавий қадриятлар, инсоний фазилатларни камол топтиришга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Семинар сўнгида соҳа вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.


А.Бўриев, ЎзА