Маъмурий судда иш қўзғатиш тартиби
Маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартибини белгилаш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий тартиб-таомилларини жорий этишга қаратилган “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги Кодекси 2018 йил 25 январдан амалиётга татбиқ этила бошлади.
Мазкур кодекснинг маъмурий иш қўзғатиш қисми алоҳида 16-боб қилиб белгиланган бўлиб, унда иш қўзғатиш асослари, аризанинг (шикоятнинг) шакли ва мазмуни, аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориш, аризага (шикоятга) илова қилинадиган ҳужжатлар, аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш, аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш, аризани (шикоятни) қайтариш, ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини ўзгартириш, ариза (шикоят)дан воз кечиш, ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини ўзгартириш, ариза (шикоят)дан воз кечиш ишларни битта иш юритишга бирлаштириш ва талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш тартиби белгиланган.
МСИЮтКнинг 40-моддасида, ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида талаб тақдим этаётган ёки манфаатларини кўзлаб талаб тақдим этилган фуқаролар ва юридик шахслар аризачилар ҳисобланади.
Суд манфаатдор шахсларнинг, прокурорнинг, давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Судга ариза беришда алоҳида тартиб ўрнатилган бўлиб, унга кўра, ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилиши, у аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланиши, аризада (шикоятда) ариза (шикоят) берилаётган суднинг номи, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса), арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар, аризачининг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши лозим.
Шу билан бирга, аризада (шикоятда) аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши, аризада (шикоятда), агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек аризачидаги мавжуд бўлган илтимосномалар кўрсатилиши мумкин.
Шунингдек, аризачи ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, агар улар маъмурий судга тааллуқли бўлса, битта аризага (шикоятга) бирлаштиришга ҳақли эканлиги кўрсатилган.
Аризачи ариза (шикоят) бераётганда жавобгарга ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган, уларда бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт, чунки тарафлар судда айнан қандай низоли иш кўрилишидан хабардор бўлиши керак.
Судга топширилаётган аризага белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўланганлигини, аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлигини, арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатларни, аризани (шикоятни) имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Агар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, судья аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш ҳақидаги масалани ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал қилади.
Бунда беш кунлик муддат аризачи томонидан аризани судга келиб тушиб, кирим қилиниб, судьяга тақсимланган кундан бошлаб ҳисобланади.
Судья томонидан ариза якка тартибда кўриб чиқиб, аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмасдан юборилади.
Агар судья белгиланган тартибда, Кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда берилган аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиши ва иш қўзғатиши шарт.
Шунингдек, судья ушбу МСИЮтК 130-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 3-бандларида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган аризани, агар аризага давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги ёки аризачида мавжуд бўлмаган далилларни талаб қилиб олиш ҳақидаги илтимосномалар илова қилинган ҳамда бу илтимосномалар қаноатлантирилган бўлса, иш юритишга қабул қилишга ва иш қўзғатишга ҳақли.
Судья томонидан иш маъмурий судга тааллуқли бўлмаса, маъмурий суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрими мавжуд бўлса, суднинг иш юритишида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса рад этади. Судьянинг аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин, ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза (шикоят) судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.
Бундан ташқари, аризанинг (шикоятнинг) ушбу Кодекснинг 128-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса, ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлса, ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса, жавобгар ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса,) битта аризада (шикоятда) бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғланмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса, аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар аризани (шикоятни) қайтариб олиш тўғрисида аризачидан ариза келиб тушган бўлса судья аризани (шикоятни) ва унга илова қилинган ҳужжатларни ажрим билан қайтаради.
Мазкур аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза (шикоят) судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.
Шунингдек, аризанинг (шикоятнинг) қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгандан кейин судга такроран умумий тартибда мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
Ишда иштирок этувчи шахс ариза (шикоят) юзасидан арз қилинган талабга қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ёзма фикрини ишда иштирок этувчи шахсларга ёзма фикрнинг ҳамда уларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далилларни иш кўриладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақли.
Ариза (шикоят) юзасидан ёзма фикрда ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг турган жойи (почта манзили), телефонлари, факслари рақамлари, электрон почта манзили (агар улар мавжуд бўлса) кўрсатилади.
Ариза (шикоят) бўйича ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг иш юритишга доир ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
Бундан ташқари, аризачи ишни биринчи инстанция судида кўриш чоғида ишнинг мазмунан кўрилиши якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини ўзгартиришга ҳақли.
Аризачи ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ариза (шикоят)дан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақлилиги белгиланган.
Шу билан бирга, суд ариза (шикоят)нинг асоси ва предмети бир вақтда ўзгартирилишини қабул қилмайди, суд, шунингдек ариза (шикоят)дан воз кечишни, агар бу қонунчиликка зид бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, қабул қилмайди. Бундай ҳолларда суд ишни мазмунан кўради.
Ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини ўзгартиришни, аризачининг ариза (шикоят)дан тўлиқ ёки қисман воз кечишини қабул қилиш ҳақида ёхуд қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Биринчи инстанция суди айни бир шахслар иштирок этувчи бир турдаги бир нечта ишни битта иш юритишга бирлаштиришга ҳақли.
Ишларни бирлаштиришга суднинг иш кўриш якуни бўйича ҳужжати қабул қилингунига қадар йўл қўйилади. Ишлар бирлаштирилганда улар бўйича иш кўриш муддати кейинроқ тайинланган иш бўйича белгиланади.
Судья томонидан ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Агар суд талабларни ажратиб кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, у бир ёки бир нечта бирлаштирилган талабни алоҳида иш юритишга ажратишга ҳақли бўлиб, бунда талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратишга ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ёки уни қабул қилиш билан бир вақтда йўл қўйилади ва талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш тўғрисида ажрим чиқарилади.Ажратилган талаб бўйича иш кўриш муддати ажрим чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни қайд қилиш жоизки, судга мурожаат қилувчи фуқаролар ва юридик шахслар яъни, аризачилар томонидан маъмурий суд ишини қўзғатиш учун асос бўладиган қонун талабларига амал қилган ҳолда ариза тақдим қилишлари, ўз навбатида уларни ортиқча вақт ва сарф-харажатларни олдини олади ҳамда аризаларни ўз вақтида ва муддатида кўриб чиқилишини таъминлайди.
Темур Юсупов, Урганч
туманлараро маъмурий судининг судьяси