Тухум – кундалик озиқ-овқат рационининг муҳим қисми бўлиб, унинг ҳажми мамлакат иқтисодиётидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат кўрсаткичларидан бири сифатида катта аҳамиятга эга. Тухум сариғи таркибидаги лецитин холестерин миқдорини меъёрида сақлашга ёрдам беради. Тухум таркиби озуқавий жиҳатдан оқсил, витаминлар ва турли хил микроэлементларга бой. Қолаверса, қайнатилган тухум тўйинганлик ҳиссини кучайтиради ва вазн йўқотишга ёрдам беради.
Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил январь-июнь ойларига оид дастлабки маълумотларига кўра, республикамизда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан жами 4 миллиард дона тухум етиштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,2 фоиз ўсишни англатади ва маҳаллий ишлаб чиқаришнинг барқарор ривожланаётганини кўрсатади.

Ҳудудлар кесимида тухум ишлаб чиқариш ҳажми эса республикадаги қишлоқ хўжалиги фаолиятининг тақсимоти ҳақида аниқ тасаввур беради. Жумладан, Тошкент вилояти 709,5 миллион дона тухум етиштиргани билан етакчилик қилмоқда, бу эса мамлакат бўйича тухум етиштиришнинг асосий маркази эканини исботлайди. Самарқанд вилояти эса 596,3 миллион дона билан иккинчи ўринда туриб, катта ишлаб чиқариш қувватига эга ҳудуд сифатида ажралиб туради. Шу билан бирга, Наманган вилоятида 330,9 миллион, Фарғона вилоятида 324,9 миллион ва Андижон вилоятида 314 миллион дона тухум етиштирилмоқда.
Қолаверса, Сурхондарё вилоятидан 296,1 миллион, Қашқадарёдан 255,4 миллион, Хоразм вилоятидан 253,3 миллион, Бухородан 249,9 миллион, Навоий вилоятидан 215,5 миллион, Қорақалпоғистон Республикасидан 200,4 миллион, Жиззах вилоятидан 183,6 миллион дона, Сирдарёдан 92,6 миллион дона тухум олинган.
Ушбу ҳудудлар бўйича маълумотлар республиканинг турли ҳудудларида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқаришнинг ривожланиш суръатлари, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва бозордаги талаб ҳолатини чуқурроқ таҳлил қилиш имконини беради.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА