Мамлакатимизнинг фармацевтика ва тиббиёт соҳаларидаги салоҳияти халқаро ҳамжамиятга тақдим этилди
Тиббий ва фармацевтик хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, глобал бозорга интеграциялашув, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш соҳа олдига қўйилган асосий вазифалардан.
Пойтахтимизда ўтказилаётган 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида ташкил этилган «Тиббиёт туризмини ривожлантириш: халқаро бозорга интеграция ва тиббий хизматлар сифатини ошириш» мавзусидаги махсус сессияда ана шулар ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистонда тиббиёт, фармацевтика ва соғломлаштириш туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий хизматларнинг мавжуд имкониятлари, шунингдек, хорижий беморлар ва сайёҳлар учун яратилаётган истиқболли йўналишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, форумнинг инвестиция лойиҳалари портфелидан тиббиёт, санаторий ва соғломлаштириш туризми йўналишларини қамраб олган 7 та истиқболли лойиҳа жой олди.
– Замонавий тиббиёт ва фармацевтика ютуқларига таянган ушбу лойиҳалар соҳа инфратузилмасини тубдан яхшилаш, тиббий ва реабилитация хизматлари кўламини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро тиббиёт туризми бозоридаги рақобатбардошлигини оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади, – деди Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов.
Тадбир давомида Агентлик директори бир қатор етакчи хорижий компаниялар ва инвесторлар вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар чоғида юртимизнинг тиббиёт ва фармацевтика туризми салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, соҳага илғор хорижий тажриба ва капитални жалб этиш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА