Мамлакатимиз нотариуслари кунчиқар юртда малака оширмоқда
Япония аҳолиси 125 миллион нафардан зиёд. У ерда нотариуслар сони 500 нафар, 286 та нотариал идора бор. Японияда 30 йил прокурор ёки судья бўлиб ишлагандан сўнггина нотариус бўлиш мумкин.
Бу маълумотларни нега келтирганимизни қуйида билиб оласиз.
Ўзбекистон Нотариал палатаси хорижий ҳамкорликни кучайтириш, халқаро нотариал майдонда мамлакатимиз нотариатининг ўз ўрнига эга бўлиши, илғор тажрибаларни соҳага татбиқ этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишни ўз олдига мақсад қилган.
Шу мақсад билан нотариусларимизнинг малакаларини ошириш учун чет элларга сафари мунтазам амалга оширилиб борилмоқда.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази масъул ходим ва ўқитувчи –профессорлари ҳамроҳлигида бир гуруҳ нотариуслар кунчиқар юртдаги ҳамкасбларининг иш тажрибаларини ўрганиш мақсадида Японияда бўлиб турибди.

Ўзбекистонлик нотариуслар Япония нотариуслари миллий ассоциациясида бўлди. Ташриф доирасида Япония НМА вакиллари билан учрашув ўтказилиб, нотариат соҳасидаги янгиликлар борасида фикр алмашилди. Шунингдек, Токио шаҳридаги нотариал идорага ҳам борилди. У ерда ҳуқуқий хизмат кўрсатиш услублари билан яқиндан танишилди.
Нотариусларимиз ташриф дастурига кўра Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот ва таълим институтининг халқаро ҳамкорлик бўлимига ташриф буюрди. Бу ерда ўтказилган семинарда нотариуслар эътиборига ушбу бўлим фаолияти ҳақида тақдимот намойиш қилинди. Шунингдек, япониялик мезбонлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолияти ҳақида тақдимот билан танишдилар.
– Япония Адлия вазирлигининг Фуқаролик ҳуқуқи бошқармасида ҳам бўлдик, – дейди Зангиота туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Лола Самархўжаева. – Бу ерда бизга Япония нотариат тизими ҳақида батафсил маълумот берилди. Вазирлик қошидаги Илмий-текшириш ва таълим университети Халқаро ҳамкорлик бўлимига ҳам бордик. У ерда нотариат соҳасида олиб борилаётган изланишлар, экспонатлар билан танишдик.
Икром Аввалбоев, ЎзА