Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповни ёдга олди
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳосил йиғиштириш ишлари қизғин кечаётган кунларда қашқадарёликлар билан учрашиб турганидан мамнунлигини билдирди.
Мамлакатимиз етакчиси йиғилиш иштирокчиларини Ўзбек тили байрами билан табриклаб, Қашқадарё фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони ва давлат мадҳиямиз муаллифи Абдулла Ориповни ёдга олди.
Бир неча йил аввал энг мураккаб вазиятдаги ҳудудлардан бири бўлган Қашқадарёни йил якунига қадар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Давлатимиз раҳбари бу натижага эришиш учун аниқ ҳисоб-китоблар мавжудлигини қайд этди.
– Кеча вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида бўлган ўзгаришларни кўриб, тадбиркор, инвестор, ёшларнинг кўзларидаги шижоатни кўриб, жуда катта куч олдим, – деди Президентимиз.
ЎзА