
Малайзиянинг Пенанг штатида “Ўзбекистон - Буюк Ипак йўли дурдонаси” Ўзбекистон-Малайзия туризм форуми ўтказилди.
Форумда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари, тарихий обидалари, маданий ва табиий бойликлари ҳақида тақдимотлар бўлиб ўтди. Тақдимотларда Ўзбекистоннинг туризм йўналишлари, шу жумладан, Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларининг бой маданий ва тарихий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, икки мамлакатнинг 100 нафардан ортиқ туризм бизнеси вакили иштирокида ўтказилган “Б2Б” учрашувлари доирасида Ўзбекистон ва Малайзия сайёҳлик компаниялари ўртасида ишбилармонлик алоқалари ўрнатилди. Ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди ва туристлар оқимини ошириш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.
Шунингдек, Малайзия сайёҳлик компаниялари вакиллари форум доирасида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” фотокўргазмаси орқали сўнгги йилларда Ўзбекистонда барпо этилган янги туризм масканлари, янгиланган инфратузилмалар ва маданий мерос объектлари билан танишди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар юртимизнинг бой ва ранг-баранг маданияти ҳамда анъаналарини акс эттирувчи миллий куй-қўшиқлар ва рақслар билан яқиндан танишиб, ўзбек миллий таомларидан татиб кўрди.

Форум Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги туризм алоқаларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА