Малака тоифаси бўйича илк маротаба электрон сертификатлар тарқатилди
Ҳукумат қарори билан 2021 йил педагог кадрларга қоғоз шаклдаги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат бериш амалиёти бекор қилиниб, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби жорий этилган эди.
Электрон сертификатларнинг дастлабкилари фаолияти давомида ютуқларга эришган, малака тоифаси (лавозим)ни тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) қўлга киритган педагогларга тарқатилди.
Яъни янги низомга билан таълим ташкилотларининг педагог кадрларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилиш тартиби белгиланган.
Унга кўра, туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими);
халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими);
халқаро математика (IMO), физика (IPhO), кимё (IChO), биология (IBO) информатика (IOI) олимпиадаларида олтин, кумуш ёки бронза медаль (биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин) совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотларининг педагог кадрларига — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирланган, «Устоз» миллий мукофоти ғолиблари, Worldskills мусобақалари совриндорларини тайёрлаган ёки республика миқёсидаги фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагогларнинг малака тоифаси (лавозими) ҳеч бир синовларсиз бир поғонага оширилмоқда.
Илк электрон сертификатларни қўлга киритган ўқитувчилар www.pedkadr.tdi.uz сайти, давлат хизматлари маркази ёки ягона давлат интерактив хизматлари орқали ҳужжатларини электрон кўринишда юклашган бўлиб, QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификатлар уларнинг шахсий кабинетлари юборилди.
Биринчилар қаторида малака тоифа сертификати электрон кўринишда олган устозлардан бири Қибрай туманидаги 23-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Райҳан Тулякова ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
– 2021 йилда «Устоз» миллий мукофотини қўлга киритдим. Шу вақтда Вазирлар Маҳкамасининг педагоглар аттестациясини ўтказиш бўйича янги низоми тасдиқланганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Чунки, ушбу қарорга кўра, ўз устида ишлаб ютуқларга эришаётган, хусусан «Устоз» миллий мукофотида ғолиб бўлган педагогларнинг тоифалари 1 поғонага оширилиши белгиланган эди. Албатта бу биз учун яратилган ягона қулайлик эмас. Бундан ташқари, ҳужжат топшириш ва сертификатларни олишда ҳам жараёнлар жуда енгиллаштирилган эди.
Мен ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиб, 28 февраль куни 2 тоифа учун аттестацияда қатнашишга ариза топширган бўлсам, аризам қисқа муддатда мутасаддилар томонидан кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.
Буни нима учун алоҳида таъкидлаяпман, чунки аввалги тартибга кўра, педагог мутахассис тоифасидан олий тоифагача 3-5 йил кутиши керак бўлса, энди 1,5-2 йилда ушбу натижага эришиши мумкин. Бошқа томондан, аввалги тартибга кўра, биз март ойида аттестация жараёнларини якунлаб, қоғоз сертификатларимизни ойлаб кутишимизга тўғри келарди. Энди эса шахсий кабинетларимиз орқали уларни бемалол ўзимиз юклаб олишимиз мумкин. Бу Халқаро хотин-қизлар байрамида ёқимли совға бўлди, – деди Райхан Тулякова.
Бугунги кунда малака тоифасини тўғридан-тўғри олган педагогларга сертификатлар навбатма-навбат тарқатилмоқда.
ЎзА