Мактабларда ўқув марказлари ташкил этилади
Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўқув марказлари раҳбарлари ҳамда давлат ташкилотлари масъуллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси, Марказий банк, Халқ банкининг Тошкент шаҳар бош бошқармаси ҳамда 30 га яқин ўқув марказлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда ўқув марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, таълим хизматлари сифатини ошириш ҳамда ёшлар учун замонавий ва қулай қўшимча таълим имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, ўқув марказларининг умумтаълим мактабларида фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд бино ва инфратузилмадан самарали фойдаланиш, бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда мактаб ўқувчиларининг таълим муассасасининг ўзида қўшимча таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича таклифлар тингланди.

Бунда таълим курсларини аҳолига, хусусан, ёшлар учун янада қулай ва мақбул нархларда таклиф этиш, шу билан бирга, таълим сифати ва самарадорлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда ўқув марказлари раҳбарларининг таклиф ва муаммолари муҳокама қилиниб, мактабларда ўқув марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, қўшимча таълим хизматларини ташкил этиш ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА