Мактабларда илк сабоқни раҳбарлар ўтишди
Бугун юртимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йили бошланди. Самарқанд вилоятидаги мактабларда ҳам “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди.
Билимлар куни тадбирлари ва биринчи – “Келажак соати” дарсларида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, эл ардоғидаги кишилар иштирок этиб, ўқувчиларга ўз ҳаётлари, тажрибалари мисолида сабоқ бердилар. Жумладан, Самарқанд вилоятидаги Олий Мажлис Сенатига сайланган сенаторлар ҳам таълим муассасаларида бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни мустақиллик байрамига уйғун нишонланаётган Билимлар куни билан табрикладилар. Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётгани, мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Адиз Бобоев Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирларда иштирок этиб, муассаса жамоаси ва ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади.
Вилоят раҳбари дастлаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, Самарқандда жорий йилда мактаб таълимини ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берди.
[gallery-31206]
Бу йил вилоятдаги 139 та мактаб, 66 та мактабгача таълим муассасасида қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди. Мазкур мактаб ҳам Абу Даби жамғармасидан ажратилган 4 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига тўлиқ реконструкция қилинди. 1132 нафар ўқувчи таълим олаётган мактабда дарс жараёнлари ўзбек ва рус тилларида ташкил этилган, хорижий тил сифатида инглиз ва корейс тиллари ўқитилади. Ўтган ўқув йилида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этди. Янги ўқув йилида 104 нафар ўқувчи биринчи синфга қабул қилинди ва уларга дарслик ва ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари берилди.
Умуман, бу йил вилоятдаги 1280 та давлат умумтаълим мактаби ҳамда 60 та нодавлат таълим муассасасининг 1-синфига 92 минг 93 нафар ўқувчи қабул қилинди ва уларнинг барчасига Президент совғалари етказилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари