Мактаблар учун Canva платформасидан уч йил бепул фойдаланиш имконияти яратилади
Мамлакатимизда таълим тизимини рақамлаштириш, ўқувчиларнинг замонавий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда педагоглар фаолиятини инновацион воситалар билан қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишдаги халқаро ҳамкорлик таълим тизимига илғор рақамли ечимларни жорий этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикасининг Франция Республикасидаги элчихонасида Canva компанияси билан грант келишувини имзолади.
Мазкур келишувга мувофиқ, мамлакатимиздаги 10 мингдан ортиқ умумтаълим мактаби Canva for Education платформасидан уч йил давомида бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Грантнинг умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этади, дейилади Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотида.
Қайд этилишича, келишув Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ўтказилаётган “Таълим трансформацияси саммити +4” (TES+4) доирасида ташкил этилди.
Маълумот учун, Canva — Австралияда ташкил этилган ва бугунги кунда дунёнинг 190 дан ортиқ мамлакатида фойдаланилаётган етакчи визуал дизайн платформаларидан биридир. Унинг таълим учун мўлжалланган Canva for Education платформаси ўқитувчи ва ўқувчиларга тақдимот, инфографика ҳамда бошқа визуал ўқув материалларини тайёрлаш учун минглаб тайёр шаблон ва рақамли воситаларни тақдим этади.
Платформа ўқувчиларда креатив фикрлаш, замонавий тақдимот ва визуал материаллар тайёрлаш ҳамда сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашади. Шу билан бирга, платформа жамоавий ишлаш маданиятини ривожлантириш ва рақамли саводхонликни ошириш учун кенг имкониятлар яратади.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА