Мактабгача ва мактаб таълими: муаммолар бартараф этилади
Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими Акмал Маҳмудалиев ва бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари иштирок этди.
Вилоятда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ўз самарасини бермоқда. Хусусан, охирги йилларда боғчалар сони бир неча баробар кўпайди ва 939 тага етди. Шунингдек, давлат томонидан берилган имтиёзлар натижасида хусусий ва оилавий боғчалар сони ортди. Уларда мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 77,3 фоизи бошланғич билим ва кўникмаларни ўзлаштирмоқда.

Тадбирда соҳада бир қатор камчиликлар ҳам борлиги таъкидланди. Жумладан, айрим ҳудудларда боғчалар етишмайди. Оқолтин, Сирдарё, Сайхунобод ва Ховос туманларида қамров даражаси вилоят кўрсаткичидан жуда паст. “Ақлвой” мобиль МТТлари айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги оқибатида фаолият юритмаяпти. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш борасидаги ишлар сифати талаб даражасида эмас. Мактаблардаги ҳолатни ўрганиш, қайси ҳудудда таълим тизими яхши ривожланган, қайси бирида муаммолар мавжуд, эртага ёшларимизни сифатли билимга эга бўлиши ҳамда ушбу олган билимини ҳаётга татбиқ қила олишларини ўрганиш мақсадида рейд ташкил қилинди.

Ўрганишлар натижасига кўра, вилоятдаги 182 мактабда 56 баллдан паст кўрсаткич қайд этилган. Тизимда коррупцион ҳолатлар ҳали ҳам кузатилаётгани, ходимларни лавозимга тайинлашда таниш-билишчиликка йўл қўйилаётгани ачинарли.
Айниқса, баъзи директорларнинг адолатсиз бошқаруви мактабларда носоғлом муҳитни юзага келтириб, педагоглар ва ота-оналарнинг шикоятлари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Фаолиятида сусткашликка йўл қўйган ҳудудий раҳбарларни лавозимига лойиқлиги кейинги фаолияти натижадорлиги таҳлили асосида кўриб чиқиладиган бўлди.
Йиғилиш якунида соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, салбий кўрсаткичларни бартараф этиш, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ҳудудда таълим сифатини оширишга қаратилган тезкор чоралар ҳақида сўз юритилди. Шу билан бирга камчиликларни бартараф этиш бўйича иш режалари белгилаб олинди.
Ш.СУЯРОВ, ЎзА.