Мактабгача таълимга болаларнинг қамрови кенгаймоқда
Янги йил байрами арафасида Андижон шаҳридаги 35- давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Хўтанариқ маҳалласи ҳудудида жойлашган мазкур давлат мактабгача таълим ташкилотининг уч қаватли янги биноси инвестиция дастури доирасида Андижон шаҳридаги “Андижон тезкор қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди.
– Қурилиш ва жиҳозлаш ишлари учун 6 миллиард 300 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди, – дейди муассаса раҳбари Шахнозахон Қўлдошева. – Эндиликда кўркам ва замонавий кўринишга эга боғчамиз 220 нафар болани ўз бағрига олади. Бу ерда нафақат болажонлар, балки тарбиячиларнинг самарали фаолият олиб бориши учун зарур барча шароитлар яратилган. Замонавий қиёфага эга ушбу муассасада болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун барча шароитлар яратилган. Муассасада мусиқа, спорт, гимнастика, инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Мактабгача таълим ташкилоти янги биносининг ишга тушиши билан қўшимча 10 та янги иш ўрни яратилди.
Айни кунда Андижон шаҳрида 57 давлат, 20 та нодавлат ва хусусий шерикчилик асосидаги, шунингдек, 70 та оилавий боғча фаолият кўрсатмоқда. Умуман, Андижон шаҳрида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 75 фоизга етди. Болалар боғчасининг очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.
[gallery-5217]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА