Мактабгача таълимда янги босқич: Тошкентда минтақавий марказ иш бошлайди
Боланинг таълим олиши мактаб остонасида эмас, айнан илк ёшдан бошланади. Шу боис мактабгача таълим тизимидаги ҳар бир ислоҳот боланинг кейинги ривожи, қобилияти ва таълимга муносабатига бевосита таъсир қилади.
Энди бу йўналишда халқаро тажрибани ўрганиш, илмий тадқиқотларни кучайтириш ва замонавий дастурларни жорий этишга қаратилган янги тузилма ишга туширилади.
Тошкент шаҳридаги Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳузурида Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази ташкил этилади.
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги “Тошкент шаҳрида Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.
Хўш, Марказ нималар билан шуғулланади?
Мазкур марказ мактабгача таълим соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиради, ЮНЕСКОга аъзо давлатларнинг мактабгача таълим дастурлари ва усуллари бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказади, болаларни эрта ривожлантиришга қаратилган замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этади. 2030 йилгача мактабгача таълим соҳасидаги Тошкент декларацияси ижросини мониторинг қилади ва даврий ҳисоботлар тайёрлайди. Бу вазифаларнинг ҳар бири мактабгача таълимни фақат болани мактабга тайёрлаш босқичи эмас, балки шахснинг дастлабки ривожланиш даври сифатида қарашни кучайтиришга хизмат қилади.
Марказ фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши — педагог кадрларни қайта тайёрлаш тизимига янги ёндашувларни олиб киришдан иборат. Замонавий мактабгача таълим тарбиячидан фақат болалар билан ишлаш маҳоратини эмас, балки боланинг психологик, ижтимоий ва интеллектуал ривожланиш хусусиятларини чуқур тушунишни ҳам талаб этади. Шунинг учун педагогларни тайёрлаш ва малакасини оширишда халқаро тажрибадан фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга. Қарор билан Марказга педагог кадрларни қайта тайёрлашда янги ёндашувларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро тренинг, семинар ва конференциялар ташкил этиш вазифаси ҳам юклатилди.
Янги Марказ мактабгача таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илмий изланишлар олиб бориш ва илғор таълим усулларини амалиётга татбиқ этишда муҳим майдонга айланиши кўзда тутилмоқда. Мактабгача таълимдаги сифат, аввало, бола билан ишлайдиган мутахассиснинг билими ва ёндашувига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, халқаро тажрибани ўрганиш ва уни миллий таълим тизими хусусиятларига мослаштириш орқали педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш имконияти пайдо бўлади. Янги марказнинг ташкил этилиши Тошкентни мактабгача таълим соҳасида тажриба, тадқиқот ва халқаро ҳамкорликни бирлаштирувчи минтақавий майдонга айлантириш мақсадини ҳам ифодалайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА