Мактабгача таълим ташкилотига пресс-тур
2022 йилни Янги ҳаёт тумани "Марҳамат" МФЙ аҳолиси ўзгача қувонч билан кутиб олгани бор гап.
Чунки шу вақтгача ушбу ҳудудда мактабгача таълим ташкилоти бўлмаган. Маҳалла ҳудудида 49 сонли ДМТТ тўлиқ қуриб битирилиб фойдаланишга топширилди. Энди маҳалла ҳудудида жойлашган кўп қаватли биноларда яшаётган фуқаролар фарзандларини узоқ ҳудуддаги муассасага эмас айнан ушбу мактабгача таълим муассасасига олиб боради.

Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги томонидан журналистлар учун ушбу муассасага пресс-тур ташкил этилди. Унда МТТ мудираси Шаҳноза Нормуродова томонидан таълим ва тарбия маскани таништирилди.

– Икки йилдан буён "Марҳамат" МФЙ да яшаймиз, – дейди Мастура Йўлдашева. – Фарзандимни қайси муассасага берар эканман, деб роса бош қотирганман. Хусусий боғчалар нархи бироз қимматлик қилганди. Сўнг ушбу муассаса очилганини эшитиб хурсанд бўлдим. Тўнғич фарзандимни ҳозир ушбу муассасага берганман. Нархлари ёмон эмас, шароитлари замонавий сртандартларга тўла жавоб беради. Бизга маъқул келгани янги жамоа бўлсада тажрибали педагог кадрлар жамланган. Кичик фарзандим ҳали икки ёшда. У ҳам боғча ёшига етса, ҳеч иккиланмасдан ушбу муассасага бераман.

Янги фойдаланишга топширилган муассаса 400 ўринли бўлиб, унда 15 та гуруҳ мавжуд. Тарбияланувчиларга 8 нафар педагог ходим, 17 нафар тарбиячи ва 15 нафар тарбиячиларнинг ёрдамчиси, 10 нафар техник ходим иш юритмоқда.
– Педагогика соҳасида 27 йиллик тажрибага эгаман, – дейди тарбиячи Нигора Назархонова. – Боланинг бегонаси бўлмайди. Шунинг учун бола тарбиясини зиммасига олиш масъулиятли иш. Доим ўзимда ана шу масъулиятни ҳис қилиб ишлайман. Ижтимоий тармоқларда болаларни калтаклаган, игна санчган тарбиячиларнинг видеоларига кўзим тушади. Шу соҳада узоқ йиллардан буён фаолият юритаётган ходим сифатида айта оламан, ана шундай номаьқул ишларни қилган тарбиячини нафақат қонун олдида жазолаш ва балки тизимдан четлатиш керак. Тарбиячи, аввало, болаларни севиши, касб масъулиятини ҳис қилиши керак.

Маълумот ўрнида, Янгиҳаёт туманида 22 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритади. Туман матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, ҳудудда боғча ёшидаги болалар 10 минг 763 нафарни ташкил этади. Шундан қарийб 60 фоизига яқин болалар таълимга жалб этилган.
Д.Маматова, ЎзА