Мактабгача таълим: Наманганда қамров ҳолати қандай?
РУКН: Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда
Наманган вилояти Адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, уларнинг вилоят ҳудудларидаги ижроси мунтазам равишда ўрганилиб, таҳлил қилиб борилмоқда.

Хусусан, “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” тамойили асосида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини Косонсой туманидаги ижроси қандай таъминланаётгани ўрганилди.
Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ушбу тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига мактабгача таълим хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳада нодавлат секторнинг улушини ошириш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади.

Сўнгги беш йилда мактабгача таълим соҳасида 83 та қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Президентимизнинг “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши бу соҳада фаолият олиб бориш истагидаги аҳолига тадбиркорлик учун янада кенг имкониятлар яратиб берди.
Мазкур соҳадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, мактабгача таълим муассасалари тармоғини ҳозирги замон талаблари, стандартлари асосида ривожлантириш, уларни реконструкция, модернизация қилишга қаратилаётган эътибор замирида ҳам келажагимиз эгаларининг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишлари, буюк аждодларга муносиб ворислар сифатида вояга етишларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.
Мамлакатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида хусусий ва оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этганлик учун имтиёзлар; қамров даражаси паст бўлган ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар, қамров даражасини ошириш бўйича қатор вазифалар белгиланган.

Хўш, бу борада Наманган вилоятида натижалар қандай? Таҳлилларга кўра, вилоятда ўтган 2021 йил 1 январь ҳолатига жами мактабгача таълим ташкилоти сони 1 минг 618 та, шундан давлат секторида 574 та (573 давлат, 1 та органга қарашли), нодавлат секторда 1 минг 44 та (38 та давлат-хусусий шерикчилик, 71 та хусусий, 935 та оилавий) бўлиб, уларга жами 149 минг 983 бола қамраб олинган.
Вилоятда 2022 йил 1 январь ҳолатига эса жами мактабгача таълим ташкилотлари сони 2 минг 565 та бўлиб, шундан давлат секторида 588 та, 1 минг 977 та нодавлат секторда (43 та давлат-хусусий шерикчилик, 70 та хусусий, 1 минг 864 та оилавий) бўлиб, уларга ҳудуддаги 3-7 ёшдаги 242 минг 389 болалардан 177 минг 328 нафари қамраб олинган.
Йил бошидан буён 947 та болалар боғчаси ташкил этилди. Уларга қўшимча 27 минг 345 болалар қамраб олинди. Хусусан, уларнинг 2 минг 278 нафари 14 та давлат мактабгача таълим ташкилотига, 1 минг 80 нафари 5 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотига, 29 минг 97 нафари эса 928 та оилавий болалар боғчаларига қамраб олинган.
Муҳим жиҳати шундаки, қарор билан Наманган вилояти бўйича 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси паст бўлган Косонсой ва Чортоқ туманлари алоҳида танлаб олиниб, ушбу ҳудудларда алоҳида ёндашган ҳолда иш ташкил этиш назарда тутилган.
Соҳага эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайиб, мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам мактабгача таълим ташкилотларининг сони ошиб бормоқда. Бунга Косонсой тумани ҳам яққол мисол бўла олади.

Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида Косонсой тумани педагогика коллежи базасидан юридик шахс ташкил этмасдан 20 та ривожлантирувчи ўйин гуруҳини ўз ичига олувчи “Илк ривожланиш маркази” тажриба синов тариқасида ташкил этилмоқда.
Марказ уч хил турдаги муқобил моделда мактабгача таълим хизматлар, яъни чекка ва олис ҳудудлардаги қамраб олинмаган 6 ёшгача болалари бўлган оилаларни ўрганиш амалга оширилади. Шунингдек, мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3-6 ёшли болалар учун марказларнинг ҳар бирида 20 тадан ривожлантирувчи ўйин гуруҳлари ташкил этилади. Боғчага бормаган, алоҳида таълимга эҳтиёжи (соғлиғи туфайли имконияти чекланган) бўлган 2-6 ёшли болалари бор оилалар ўрганилади.
Бунинг натижасида 1 минг 200 нафардан зиёд бола мактабгача таълимга қамраб олинади ва 71 та иш ўрни яратилади. Ҳозирда мазкур лойиҳани ишга тушириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА