Мактабдаги таълим сифати директорга ҳам боғлиқ
Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимида иш бошлаш учун Фарғона шаҳридаги 42-мактабга бордим.
Болаликнинг шовқинли олами, қўлини кўксига қўйиб “Ассалому алайкум”, деб эҳтиром кўрсатган қуралай кўзларнинг саломига алик олиб, завқландим. Ёруғ манзилим – “Янги Турон” кўчасида жойлашган янги мактабнинг ташқи кўринишидан, махсус фанлар учун ихтисослаштирилган хоналардаги замонавий жиҳозлар, ўқув кўргазмаларидан мактабнинг ва у ерда таълим берувчи ўқитувчиларнинг савиясини билиш қийин эмас.
Ўқувчиларга бағрини очганига эндигина бир йил бўлган масканнинг директори Жасурбек Арслонов билан илк суҳбатимиз ҳам узоқ давом этмади:
“Мен сиздан нима иш қилдинг, деб ҳисобот сўрамайман. Муҳими, меҳнатингиз ўқувчиларнинг одоб-ахлоқида, билимида сезилсин. Ишласангиз чин юракдан ишланг. Болаларнинг вақтига хиёнат қилмасангиз бўлди”, деган эди ўшанда. Мана шу сўзларни ҳар дарс олдидан қайта-қайта эслайман, мени ҳушёр торттиради. “Чин юракдан ишланг. Болаларнинг вақтига хиёнат қилманг”. Мактаб раҳбарининг талаби бу. Диёнати бор инсоннинг тирик туйғулари юқумли бўлади, дейишади. Ҳали-ҳануз мудрашга йўл бермайди.
Ишлаш жараёнида англадимки, таълим сифатини яхшилаш бўйича бу мактабнинг ўз механизми бор. Бошқа мактабларга ўрнак қилса, арзигулик жиҳатлари талайгина. Ҳар чоракда нафақат ўқувчи, балки ўқитувчилар ҳам ўз билимини текшириш учун синовдан ўтказилади. Бу эса касб фидойиларини ўз устида изланишга ундайди. Ҳар бир устоз ўзига юклатилган ишни виждонан бажаради. Муҳими, ўқувчилар, бугуннинг талаби, ёдлашга эмас, фикрлашга ўргатилади. Ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги муносабат ўзаро ҳурмат асосига қурилган. Директор томонидан жиддий сабабларсиз йиғилиш ўтказилмайди. Очиғи, бирор жойда 3 нафардан ортиқ ўқитувчини таълимдан бошқа масалалар юзасидан гаплашиб турганини кўрмайсиз.
420 ўринга мўлжалланган мактабда бугун 730 нафар ўқувчи таълим олади. Дарслар икки сменада ташкил этилган. Ҳафта давомида тасвирий санъат, шахмат, енгил атлетика, этика-эстетика соҳалари бўйича тўгараклар ҳам мунтазам фаолият юритиб келади. Мактабнинг иқтидорли ўқувчилари республика миқёсидаги танловларда муваффақият қозонаётгани эса самарали меҳнатнинг натижаси сифатида бўй кўрсатмоқда.
Мен кўп мактабларда ишлаганман. У ерлардаги таълимнинг оғриқли нуқталарини яхши биламан. Лекин 42-мактаб “Янги Ўзбекистон”га муносиб мактаб, деб айта оламан. Мактабдаги ижодий муҳит, соғлом рақобат, дўстона муносабатлар жамоанинг муваффақият калити бўлиб хизмат қилаётир. Токи халқимиз фарзандлар тарбияси, руҳи ва қалбини устозларга ишонаётган экан, биз бу улуғ ва қутлуғ ишончни оқлашга мажбурмиз.
Гўзал Охунова, ЎзА