Мактаб ўқувчиси ўз даромадидан автомобиль олмоқчи
Бугунги кун ёшлари ҳар томонлама иқтидорли ва истеъдодли ёшлардир. Юртимизда эса улар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ўтказилаётган турли халқаро танловлар, мусобақа ва учрашувларда улар ўз иқтидор, истеъдод, билим ва салоҳияти билан ҳеч кимдан кам эмаслигини исботламоқда.
Навоий вилояти умумтаълим мактабларининг ўқувчилари ҳам замонавий фанларни чуқур ўзлаштириб, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилувчи муносиб кадрлар бўлишни мақсад қилган.
Навоий шаҳридаги 1-алоҳида фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослашган мактабида иқтидорли ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Ринат Якубов ана шундай ўқувчилардан бири. У IT соҳасида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, ижтимоий тармоқлардаги платформалар орқали реклама маҳсулотларини сотиш, хизмат кўрсатиш натижасида оила бюджетига яхшигина даромад келтиряпти.
– Мен ўз шахсий профилимда реклама тарқатиш билан шуғулланиб келаман, телеграм гуруҳимдаги аъзолар сони 30 мингдан ортиқ, – дейди Р.Якубов. – 9-синфдан буён ижтимоий тармоқлар орқали пул топиш билан шуғулланаман. Дастлабки ярим йил ўрганиб, изландим. 9-ойдан бошлаб, даромад топишнинг мақбул йўлларини аниқлаб олдим. Ҳозирда ойига 5-7 миллион сўм даромад қиляпман.
Оиламга харж қиладиган пуллардан ортиб қолган қисмини йиғиб бораман. Жамғармамдаги пул ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ўрта авлод автомобилларининг бошланғич тўловига етади. Шу кунларда қайси автомашинани харид қилиш борасида бир тўхтамга келгач, тўлов қилишни режалаштирганман.
Албатта, ахборот технологиялари мавжуд янги технологиялар орасида етакчи ўринни эгалламоқда. Бугун мактаб партасидаёқ интеллектуал салоҳияти ортидан дурустгина даромад қилаётган ўқувчилар келажакда юрт равнақи йўлида хизмат қилиши аниқ.
Абдували Бўриев, ЎзА