Мактаб битирувчилари билан очиқ мулоқот ўтказилди
Тошкент вилояти Зангиота туманида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ёшлар иттифоқи ҳамда туман халқ таълими бўлими ҳамкорлигида мактаб битирувчилари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирдан мақсад, мактабда таҳсил олаётган битирувчи ёшларни касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларга Миллий гвардия тизими фаолияти, мавжуд таълим соҳалари, тизимга ишга қабул қилиш ва бу борада тушунчалар беришдан иборат бўлди.

Шунингдек, тадбирда Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда Темурбеклар мактаби ҳарбий академик лицейига ўқишга кириш тартиби, шарт-шароитлари тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди.

Ёшлар билан очиқ ва самимий руҳда кечган учрашув савол-жавобларга бой бўлиб, ўқувчи-ёшлар қуролли кучлар тизими билан яқиндан танишиш, ҳарбий соҳага қизиққанлар соҳа вакиллари билан ҳамсуҳбат бўлиш имкониятига эга бўлди.
Жамоат хавфсизлиги университети ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва фахрий қоровул бўлинмасининг саф усуллари, ҳарбийлар томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА