Маҳсулотларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш талаби олиб ташланади
Техник тартибга солиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси билан “Метрология тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ҳамда “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра, ўлчаш воситаларини қиёслаш амалиётини босқичма-босқич верификация қилиш жараёни билан алмаштириш белгиланмоқда. Яъни, ҳар бир ўлчаш воситаси махсус талабларга қанчалик аниқ жавоб беришини янада пухта ва халқаро қоидалар асосида текшириш тизими жорий этиляпти.
Шунингдек, саноат тармоқларидаги ўлчаш воситаларини калибрлаш йўлга қўйилиб, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлашда халқаро амалиёт татбиқ этилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, лойиҳа билан ўлчаш воситалари текширувларини ўтказадиган ташкилотлар учун “авторизация”, яъни, расман рухсат бериш тизими яратиляпти. Бу орқали энди ҳар қандай ташкилот эмас, балки давлат томонидан махсус талабларга жавоб берадиган ишончли ташкилотларгина ўлчаш воситаларини верификация қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Энди стандартлар асосан ихтиёрий бўлади. Давлат назорати ва молиявий жазоларга оид айрим нормалар бекор қилиниши орқали тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Шунингдек, тадбиркорларни қийнаб келган айрим ортиқча талаблар бекор қилинади. Масалан, маҳсулотларни мажбурий рўйхатдан, баъзи ҳужжатларни эса қайта рўйхатдан ўтказиш талаби олиб ташланади. Жарималар ҳам хавф даражасига қараб қайта кўриб чиқилади.
Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат миллий сифат инфратузилмасининг бошқарув моделини яратишга, техник жиҳатда тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга хизмат қилиб, тизим халқаро стандартларга мослаштирилади, соҳада шаффофлик ошади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА