Маҳсулотлар биржа савдоларида сотилмоқда
Жорий йилдан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариладиган барча турдаги нефть маҳсулоти, жумладан, автобензин фақат биржа орқали “эркин рақобат муҳити”да сотилади. Таъкидлашича, аҳолини бензин билан таъминлаш масаласи давлат назоратига олинган. Республика аҳолисининг автобензинга бўлган талабини бир маромда қондириш масаласи давлат назоратига олинган бўлиб, бунинг учун барча имкониятлар сафарбар этилган.
Бугун мамлакатнинг товарлар ва хизматлар бозорида самарали рақобат муҳитини пайдо қилиш, монополияни босқичма-босқич камайтириш, хўжалик юритувчи барча субъектларнинг моддий-техника ресурслари билан таъминланишида тенг шарт-шароитларни яратиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, бозор тамойиллари асосида фақат биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидлик ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотлар, хомашё ва материаллар рўйхати тасдиқланган. Бу норма монополист корхоналар ва (ёки) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахсларга тааллуқлидир. Ушбу рўйхатга 38 турдаги товар ва хомашёлар киритилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири