14 ноябрь – Бутун жаҳон сифат куни олдидан Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси Сурхондарё вилояти бўлими, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси ва “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасаси вилоят филиаллари оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур уюштирди.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида Европа Сифат Ташкилоти ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида 35 йилдан буён ноябрь ойининг иккинчи пайшанбасида Бутун жаҳон сифати куни нишонланади. Бундан кўзланган мақсад юқори сифатли маҳсулотлар ва хизматларнинг аҳамиятини ошириш, шунингдек, сифатга эришишдаги муаммоларга эътибор қаратиш тадбирларини фаоллаштиришдан иборат.
Сана муносабати билан ташкил этилган тадбир иштирокчилари дастлаб “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси Сурхондарё филиалининг синов лабораторияларида бўлди. Маҳсулотларнинг сифатини аниқлашда филиал ходимларининг масъулиятли вазифалари, синов ишларини олиб бориш жараёнлари билан яқиндан танишди. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси Сурхондарё вилояти бўлими, “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасаси вилоят филиалларида яратилган замонавий шароитларни кўздан кечирди.
– Сифат – бу нафақат одамлар ва атроф-муҳит учун, балки маҳсулотларнинг хавфсизлиги, истеъмолчиларнинг сўровларини ва талабларини белгилайдиган муҳим жараён ҳисобланади, – дейди Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси Сурхондарё вилояти бўлими бошлиғи Ғайрат Каримов. – Замонавий шароитда сифат тушунчаси инновацияларни амалга ошириш ва уларнинг ривожи билан билан чамбарчас боғлиқдир.
Янги Ўзбекистоннинг сифат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади – миллий иқтисодиётимизнинг барқарор юксалиши учун ички ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар ҳамда хизматларнинг рақобатдошлигини таъминлаш, ижтимоий масалаларни ҳал этиб, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга йўналтиришдан иборат.
Пресс-турда Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг вилоятдаги тизим ташкилотлари амалга оширган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Жумладан, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси вилоят бўлими йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ҳамда “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонунлар ижроси доирасида воҳадаги 510 та корхонада профилактик тадбир ўтказган. Натижада 225 та корхона 318 та стандартлар ва техник регламентлар билан таъминланиб, 224 та корхонанинг 986 та ўлчаш воситаси метрологик қиёслаш кўригидан ўтказилган, 17 та корхонада сертификатлаштириш ишлари олиб борилган. 915 та корхонага хавф таҳлили асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича огоҳлантириш хатлари жўнатилган. Шунингдек, бозор назорати ва давлат назорати йўналишларида ҳам кенг қамровли ишларни амалга ошириб, қонунбузилишларнинг олди олинган.
“Ўзбекистон илмий синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси вилоят филиали синов лабораторияларини модернизaция қилиб, замонавий синов ускуналари билан жиҳозланган. Мазкур лабораторияларда йилнинг ўтган даврида техник жиҳатдан тартибга солиш назорат инспекцияси 8 та, сертификатлаштириш 63 та ва 634 та даврий синов бўйича синов баённомалари расмийлаштирилган. Айни пайтда филиал синов лабораториясининг ваколат доирасини 23 та синов усулига кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шу давргача филиалнинг маҳсулотларни сертификатлаштириш бўлими тадбиркорлик субъектларининг 183 та мурожаати асосида 14 та ускуна ўрнатиб бўлингандан сўнг сертификатлаштириш ишлари ўтказиш учун рухсат хати ва умумий 169 та мувофиқлик сертификатини расмийлаштириб берди.
Вилоятдаги 110 та корхонага халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифат менежменти тизими жорий этилиб, сертификатлаштирилди.
“Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонасида тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратиш учун сертификатлаштириш хизматлари кўрсатиш шохобчаси ташкил этилди. Экспорт-импорт амалиётларини сертификатлаштириш хизматларини талаб даражасида йўлга қўйиш учун малакали мутахассис ажратилди.
Филиалнинг синов лабораторияси бошлиғи Хулкар Эшонқулова пресс-тур қатнашчиларини замонавий ускуналар ёрдамида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синовдан ўтказиш жараёнлари билан яқиндан таништирди.
– Лабораториямизда 190 дан ортиқ маҳсулотни синовдан ўтказиш учун барча шароит яратилган, – дейди Хулкар Эшонқулова. – Мана бу ускуна ёрдамида уннинг таркибини, бунисида қандолатчилик маҳсулотларининг ёғдорлигини ўрганамиз. Минг гарадусгача исийдиган бу аппарат уннинг кулдорлигини аниқлаб беради. Хуллас, бу ерга ўрнатилган ҳар бир аппаратнинг ўз вазифаси бор.
Шу куни журналистлар пресс-тур ташкилотчилари билан бирга Термиз шаҳридаги савдо нуқталарида бўлди. Бу жараёнда мутахассислар савдо ходимлари ва харидорларга маҳсулотларнинг сифати, уларнинг ёрлиқланиши бўйича техник регламент ва стандартлар талаблари тушунтирилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири