Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифатпарварлик фаолияти
Мамлакатимизда улуғ аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларга ҳурмат кўрсатиш каби хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ў
Ўтган йили миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган мутафаккир, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги юртимизда кенг миқёсда нишонланиб, аллома “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани бунинг ёрқин далилидир.
Миллат равнақига беқиёс ҳисса қўшган маърифатпарвар хотирасига бўлган ҳурмат, эҳтиром бардавом бўлмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 146 йиллиги муносабати билан “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифатпарварлик фаолияти” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Учрашувда Маҳмудхўжа Беҳбудий Ватан истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровонлиги йўлида ҳаётини қурбон қилгани таъкидланди. Олимнинг ҳаёти, илмий фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Учрашув давомида алломанинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти акс этган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” номли видеоролик намойиш этилди.
– Дунёда глобал хатарлар кучайиб бораётган бир даврда миллий ўзликни англаш, ҳақиқий тарихимизни билишга ҳар қачонгидан ҳам интилиш кучайиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасанов. – Мустабид тузум даврида оммавий қатағонлар натижасида инсонийлик шаъни, қадр-қиммати, ор-номуси топталган давлат арбоблари, адабиёт ва санъат намояндалари, қанчадан-қанча юртдошларимиз Ватан озодлиги йўлида жонларини қурбон қилишди. Уларнинг номини абадийлаштириш, ёшларимизни миллий истиқлол ғояси, жасорат билан тарбиялашимиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ҳақ олинур, берилмас”, деган хитобларини унутмаслигимиз керак.
Тадбир доирасида Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодига бағишланган китоблар кўргазмаси ташкил этилиб, талабалар ўртасида аллома ҳаёти ва илмий фаолияти бўйича ўтказилган мақолалар танлови ғолиблари тақдирланди.
Кўтаринки кайфиятда ўтган учрашув аллома шахсиятини яна бир поғонага олиб чиққани, шубҳасиз. Зеро, ёшларга таълим-тарбия, маърифат масаласи давлат сиёсати даражасига чиққан бугунги кунда жадидчилик ва жадидлар фаолиятини тадқиқ этиш, уларнинг залворли меҳнатини ёшларга етказиш ҳар қачонгидан-да муҳим вазифа ҳисобланади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
матбуот хизмати