Маҳмудхўжа Беҳбудийга қилинган аҳоли мурожаатлари (+видео)
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сонида буюк маърифатпарвар, ёзувчи, публицист, драматург ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фаолияти билан боғлиқ маълумотлар батафсил ёритилади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланди. Газета ва журналлар орқали жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб борди. У Маккага бориш мақсадида араб тилини ўрганиб ислом тарихи ва назариясини билан шуғулланди. У 1899 йилда ҳажга борди ва муфтий унвонига эга бўлиб қайтди. Ҳаж баҳонасида Миср ва Истанбул шаҳарларида бўлди. Бу ерда давом этаётган ислоҳотлар сўзсиз унинг дунёқарашида бурилиш ясади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Европа маданияти билан ҳам қизиқди. Ўша даврда Қозон ва Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги журнал ва газеталар билан ҳамкорлик қилди. Унинг қатор мақолалари ҳам мазкур нашрларда чиқа бошлади. Мактаб, маориф ва маданият масалалари ҳамда маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турди.
Хусусан, қрим татар алломаси Исмоил Гаспирали (Гасперинский) ва у бош муҳаррир бўлган “Таржумон” газетаси М.Беҳбудийни буюк маърифатчи ва ўзбек миллий жадидчилик йўналишининг отаси даражасига кўтарди. Беҳбудий дунёқарашида Россиядаги энг нуфузли бўлган кадетлар партияси аъзолари билан учрашув ва улар ҳаракатномаларининг таъсири ҳам катта бўлган.
У 1914 йилда яна Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмаларини олиб келади, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади. Бироқ, у турли тўсиқларга учраб “жадидлар раҳнамоси”, “даҳрий” деб эълон қилинади. Шунга қарамай у татар мутаффакири Исмоил Гаспиралининг маърифатчилик борасидаги таълимотини қўллаб қувватлаб, ўз ўлкасига ҳам шундай ишларни амалга оширишга киришади ва кўп ўтмай маърифатпарвар сифатида ўз халқи ҳурматига сазовор бўлади. У бир қатор Шарқ ва Ғарб тиллари билан юксак маданият соҳиби бўлиши билан бирга, умуминсоний маданиятнинг толмас тарғиботчиси ҳам бўлган.
Батафсил:
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aiIBCKsnktU" title="Mahmudxo`ja Behbudiyga qilingan aholi murojaatlari " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА