
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети қошидаги академик лицейда “Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди ва жадидчилик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида маърифий анжуман ташкил этилди.
Анжуманда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда Навоий давлат университети олимлари, лицей педагоглари, талаба ва ўқувчилар иштирок этди. Унда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг серқирра фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, Туркистон минтақасидаги жадидчилик ҳаракатига асос солиниши, унинг ватан тарихи, театр, матбуот ва мактаб таълими соҳасидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

– Беҳбудий биринчилардан бўлиб кутубхонага асос солиб, унда бир кунда юз нафаргача китобхонга хизмат кўрсатган. Самарқанд шаҳрида эса ташкил этилган театрда ўзининг “Падаркуш” драмасини саҳналаштирган, – дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Завқиддин Бўриев. – 1913 йилда Самарқанд шаҳрида “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналларига асос солиб, ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда юз бераётган воқеликларни батафсил ёритиб борган. Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланган. Газета ва журналлар орқали жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб борган. У Маккага бориш мақсадида араб тилини ўрганиб ислом тарихи ва назариясини билан шуғулланган. Миср ва Истанбул, сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Европа маданияти билан ҳам қизиққан. Ўша даврда Қозон ва Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги журнал ва газеталар билан ҳамкорлик қилиб, ўз мақолаларида мактаб, маориф ва маданият масалалари ҳамда маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган.

Албатта, жадид боболаримиз томонидан илгари сурилган ғоялар, жумладан, Беҳбудий асарлари ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Тадбирда лицей ўқувчилари жадидларимиз асарларидан намуналар ижро қилди.
А.Бўриев, ЎзА