Маҳкума аёллар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қўнғирот туманидаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг 6-минтақавий ҳудуди, 27-сон манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган 42 нафар маҳкума аёл иштирокида “Ҳар бир аёл меҳр ва эътиборда” мавзусида тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг Оилада ҳуқуқий маданиятни ошириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўлими бошлиғи Ш.Собирова, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши котибияти мудири Б.Айимбетова ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир давомида маҳкума аёлларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни жамиятга мослаштириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга оид тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, иштирокчилар билан якка тартибда суҳбат ўтказилиб, маданий-концерт дастури намойиш этилди.

Мазкур тадбир маҳкума аёлларни маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ҳамда келгусида жамиятда ўз ўрнини топиб, қонун талабларига риоя қилган ҳолда ҳаёт кечиришига хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА