Маҳаллий хомашёдан — сифатли қурилиш материаллари
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолияти йўлга қўйилган «Coals KS» МЧЖ газоблок ишлаб чиқариш корхонасида йилига 300 минг куб метр қурилиш материали ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Корхонада маҳаллий хомашё асосида тайёрланаётган маҳсулотлар ички бозорни сифатли қурилиш материаллари билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда корхонада 150 нафар фуқаро меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ва меҳнат миграциясидан қайтган юртдошларимиз ташкил этади. Ишлаб чиқариш жараёни уч сменада ташкил этилган бўлиб, олис ҳудудлардан келиб ишлаётган ходимлар учун ётоқхона ва транспорт хизмати йўлга қўйилган. Шунингдек, ишчилар кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда.
— Қорақалпоқ давлат университетини саноат технологияси йўналиши бўйича тамомлаганман. Ҳозирда ушбу корхонада ўз мутахассислигим бўйича фаолият юритяпман. Замонавий ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этиш, касбий билим ва тажрибамни ошириш учун бу ерда кенг имкониятлар яратилган, - дейди корхона технологи Азизбек Уразбаев.
Айни пайтда корхонада бир суткада 700–800 куб метр газоблок ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар D500, D550, D600 ва D650 маркаларида тайёрланади. Уларга Қорақалпоғистон Республикасидаги буюртмачилар билан бир қаторда қўшни вилоятларда ҳам талаб юқори. Ҳозирда маҳсулотларни шартнома асосида етказиб бериш бўйича буюртмалар қабул қилинмоқда.
[gallery-31869]
Асосан кўп қаватли турар жойлар қурилишида қўлланиладиган газоблоклар кварц қуми, оҳак, цемент, гипс ва алюминий пудраси каби хомашёлардан тайёрланади. Ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган хомашёнинг 99 фоизи маҳаллий манбалар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ички бозор эҳтиёжини таъминлашда корхонанинг аҳамиятини оширади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА