Маҳаллий маҳсулотлар намойиши
Президентимизнинг 2022 йил 24 январда “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Қарор ижросини таъминлаш борасида жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида ҳам мазкур қарор ижроси доирасида саноат ярмаркаси ташкил этилди. Ярмарканинг очилишида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари, Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Охирги йилларда ички иқтисодий имкониятларни ишга солиш, хориждан инвестицияларни жалб этишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талаб юқори бўлган кенг турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Ярмаркада металлургия, кимё саноати, электроэнергия, электротехника, қурилиш материаллари, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда махсус техникалар учун зарур бўлган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Тошкент вилоятидаги 375 та маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг стендлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ва “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖлар томонидан ишлаб чиқарилаётган турли маҳсулотлар кўпчиликка манзур бўлмоқда.
[gallery-14241]
Таҳлилларга кўра, Тошкент вилоятида жами 38 мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари фаолият юритмоқда. Кейинги беш йилда уларнинг вилоят иқтисодиётидаги улуши 89 фоизга ошди. Яратиб берилаётган шароит ва енгилликлар самараси ўлароқ чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар 1 минг 438 тага етди. Шу йилнинг ўзида 100 дан зиёд шундай корхоналар янгидан очилиб, чет эллик инвесторлар томонидан қарийб 800 миллион доллардан ортиқ инвестициялар киритилди. Улар орасида Хитой, Туркия, Россия ва Жанубий Корея каби давлатларнинг инвесторлари бор.
– Ўтган йили ҳам вилоятда саноат ярмаркалари юқори савияда ташкил этилган эди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Нажмиддинхўжа Шарипов. – Натижада, 600 миллиард сўмдан зиёд қийматида шартномалар тузилган. Ўз навбатида, маҳаллий саноат корхоналарига қўшимча бозорлар очилмоқда.
Ярмарка икки кун давом этади.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА