Маҳалланинг асосий драйвери – анорчилик
Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги “Армижон” маҳалла фуқаролар йиғинида 402 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 1775 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла азалдан анорчиликка ихтисослашган ҳудуд сифатида ном қозонган.
Бугун маҳалладаги қарийб 380 хонадонда камида 50 тупдан анор бор. Кўпчилик уйида иссиқхона ташкил этган, тадбиркорликни йўлга қўйган. Оилаларда томорқа маданияти яхши ривожланган. Асосий даромад эса анорчиликдан. Маҳаллада анорчилар сулоласи кўпчиликни ташкил этади.
– Маҳалламизнинг асосий драйвери анорчилик, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Ҳамидов. – Ҳар бир хонадондан ўртача 2-3 тонна атрофида анор етиштирилади. Маҳалламизда ишсизлик йўқ, деса ҳам бўлади. Чунки қарийб барча хонадонда анор етиштирилиб, ҳар бир хонадон соҳиби ўз даромадига эга. Маҳаллада етиштирилган анорни асосан Қашқадарё вилояти тадбиркорлари олиб кетади. Шунингдек, маҳаллий бозорга ҳам олиб чиқилади.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Илҳом ака Шарипов ва Насиба опа Эргашева томорқасининг 10 сотихида анор етиштиради. Бундан 35 йил аввал Насиба опа Дул-дул маҳалласидан Армижонга келин бўлиб тушган. Шундан бери турмуш ўртоғи билан биргаликда анор етиштириб келади.
– Турмуш ўртоғим ҳайдовчи бўлиб ишлаган, ҳозирда пенсияда, – дейди опа биз билан суҳбатда. – Икки нафар ўғлимиз бор. Анорчиликнинг орқасидан рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин, нолимаймиз. Ҳар йили 5 тонна атрофида ҳосил оламиз. Тўйлар қиляпмиз. Уйлар қуряпмиз.
Яна бир анорчиликнинг орқасидан уйлар қуриб, машина минаётган оила вакилларидан бири 70 ёшли отахон Рустам Ашуров. Айни пайтда отахон 13 сотих майдонда 200 тупдан зиёд анор дарахтини парваришламоқда. Отахон анор сотиб “Дамас” автомашинаси олганлардан бири.

– Айни пайтда томорқамизда 3 йилдан 15 йилликкача бўлган анорлар мавжуд, – дейди Р.Ашуров. – Уларнинг ҳар бири алоҳида парвариш талаб этади. Юқори ҳосилдорликка осонликча эришиб бўлмайди. Кузда тагини юмшатиш, маҳаллий ўғит билан ишлов бериш, вақтида суғориш, турли зараркунандаларга қарши дорилаш ҳосилдорлик гарови ҳисобланади. 4 та фарзандим – 3 ўғил, 1 қизим, 10 та неварам бор. Анорчилик сирларини ўғилларимга ҳам ўргатганман.
Рустам бобо анор меваси етиштиришдан ташқари, ниҳоллар парваришлашни ҳам йўлга қўйган. Ҳозирда томорқасининг бўш қисмида 1,5 мингта анор кўчати ҳам сотишга тайёр ҳолатга келиб қолган.
– Анор жуда нозик ўсимлик, шу боис жой танлайди, – дейди отахон. – Уни ўз вақтида кўмиш ва эрта баҳорда очиш муҳим. Анор 6 ёшга тўлгач, шохлари буталиб, камайтирилади. Бу эса ўз-ўзидан ҳосилни кўпайтириш ва сифатли маҳсулот олишга имкон беради.
Айни пайтда анорчилар етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олиш илинжида меҳнат қилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбири