Маҳаллаларга Президент совғаси топширилди
Маҳалла ёшларининг оммавий спорт билан шуғулланишлари ва “Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида ўтказиладиган мусобақалада фаол қатнашишлари учун Самарқанд вилоятдаги 1126 та маҳаллага тўрт турдаги саккиз мингга яқин спорт жиҳозлари топширилди.
– Бугунги кунда “Беш ташаббус олимпиадаси" туфайли вилоятимиз маҳаллаларида спорт билан шуғулланувчи ёшлар сафи кенгайиб бормоқда, – деди спорт жиҳозларини топшириш маросимида Самарқанд вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Бунинг натижасида вилоятимиз ҳаваскор спортчилари 27 йўналиш бўйича ўтказилган танлов ва мусобақаларда республикада кучли ўнликда бормоқда. Аввалги йилларда олимпиаданинг бир неча йўналишларида самарқандлик ёшлар республикада биринчи бўлди, жамоавий баҳсларда ҳам вакилларимиз фаол қатнашмоқда. Жумладан, 2014 йилда 14-30 ёш тоифасида ўтказилган мусобақа ва танловларда вакилларимиз 11 та олтин, 10 та кумуш, 9 та бронза медали билан республикада еттинчи ўринни қўлга киритган. Чемпион жамоалар туфайли уларнинг маҳалларида спорт майдончалари қуриб берилмоқда. Мазкур спорт жиҳозлари – Президент совғаси ҳам ёшларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
[gallery-21575]
Спорт жиҳозлари маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига топширилди ва бу воситалардан самарали фойдаланиш лозимлиги уқтирилди.
– Ушбу спорт анжомлари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли ёшларни кашф қилиш ва улар орасида чемпионлар етишиб чиқишига хизмат қилади, – дейди Булунғур туманидаги Ғўбдин маҳалласи ёшлар етакчиси Нодир Мухторов. – Шу билан бирга, ёшларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш ва жорий йилги “Беш ташаббус олимпиадаси" мусобақаларида фаол иштирок этишга ундайди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари