Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш борасида давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ҳудудларда амалга оширилиши, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш, профилактик ишларни самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан манзилли профилактик ишларни кучайтириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, масъул идоралар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокама давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, белгиланган чора-тадбирларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш ҳамда ижро интизомини кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди. Тадбирда ташкилий масала кўриб чиқилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан полковник Тимур Исмаилов Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилди.
Г.Бобоева,
ЎзА