Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратилади
Хоразмда мамлакатимиз Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифаларга бағишланган вилоят селектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғишда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, секторлар раҳбарлари, Ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, шаҳар-туман секторлари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар масъул ходимлари ҳам жойлардан онлайн қатнашди.
Вилоят ҳокими бугунги кунда Президент қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, бунда криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларга бириктирилган вилоят ва туман даражасидаги масъуллар ўзларининг ташкилотчилик қобилиятини намоён этган ҳолда ишлаб чиқилган йўл хариталари ижросини тўлиқ таъминлаши лозимлигини таъкидлади.
[gallery-21777]
– Вилоятимиздаги жиноят содир этилган маҳаллаларда илмий ташкилот ва таълим муассасалари томонидан илмий ёндашувлар асосида ўрганишлар ўтказилмоқда. Барча туман (шаҳар) секторлари раҳбарларига, Миллий гвардия қўриқлаш хизмати бошлиқларига ва ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарларига 2025 йилда криминоген вазият оғир маҳаллалар номма-ном бириктирилди, – дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Рўзметов. – Масъуллар фаолияти ҳар ой якунида ички ишлар вазири ҳузурида, ҳар чорак якунида Бош прокурор ҳузурида, ҳар ярим йилда Бош вазир ҳузурида танқидий муҳокама қилинади, ҳар бир маҳалла бўйича Президентга ахборот бериб борилади.
Йиғилишда криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларга бириктирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда вилоят идора ва ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида жорий йил январ ойида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди. Шунингдек, фаолияти намунали деб топилган профилактика инспекторлари ва уларга яқиндан кўмак бериб келаётган маслаҳатчи мураббийлар вилоят секторлари раҳбарлари томонидан фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари