Маҳаллаларда саноат тармоқлари ривожланмоқда
Қарор ва ижро
Юртимизнинг барча ҳудудларида маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, бунда ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш борасидаги лойиҳалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар сабаб кўплаб оилаларнинг ижтимоий аҳволи яхшиланмоқда. Хусусан, Оққўрғон туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бу борада тизимли ишлар қилинмоқда.
Жумладан, маҳалла биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Маҳалла еттилиги фаолияти асосида ҳар бир хонадоннинг ижтимоий шароити ўрганилди. Ўтган йили 206 нафар фуқароларга тадбиркорлик йўналишида 1 миллиард 433 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди, 18 нафар фуқароларга субсидия асосида 99 миллион сўмлик асбоб-ускуналар берилди. Шу билан бирга, 112 нафар фуқаролар доимий ишга жойлаштирилди, 14 нафар фуқаро чет давлатга расмий ишлаш учун юборилиб, 26 нафари туманга қайтарилиб доимий бандлиги таъминланди.
[gallery-21472]
Ҳудудда “Сайхунобод”, “Уйчи” тажрибалари асосида оилаларга амалий ёрдам берилмоқда. Маҳаллада стол-стул ясашга ихтисослашган “ENKO-TECH” корхонасининг филиали иш бошлагани натижада кўплаб ишсиз аёллар, ёшлар бандлиги таъминланди. Ҳозир бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар хориж давлатларига ҳам экспорт қилиниши йўлга қўйилган. Ўз навбатида ички бозорда ҳам маҳсулотларга харидорлар бор. Бундан ташқари, маҳаллада ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан 35 та хонадон вакилларига 2 сотихдан иссиқхоналар ташкил этилди ва 6 та янги тадбиркорлик субъекти фаолият бошлади.
– 2025 йилда ҳудуддаги яна 48 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича 550 миллион сўм кредит ажратиш режалаштирилган бўлиб, шундан 20 та хонадонларга иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган, – дейди “Навбаҳор” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Шерзод Мамадалиев. – Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 670 нафар фуқароларга ажратилган 202 гектар ер майдонида “Бир контур бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавот, кўкат ва дуккакли маҳсулотлар экиш режалаштирилган.
Мутахассисларнинг маълумотига кўра, ҳудудда 1,7 гектар майдонда сотилмасдан турган 40 та лотларни зарур коммуникация тармоқлари билан таъминлаш орқали янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини жойлаштириш ва микромарказ ташкил этиш мақсад қилинган. Бунда, микромарказ лойиҳа қиймати 54 миллиард сўм бўлиб, 100 та иш ўрни яратилади.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.