Маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари бошланди
Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманлари маҳаллаларида энг улуғ, энг азиз байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасидаги ободонлаштириш ишлари бошланди.
Жорий йилда Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги юртимизда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу ғоя остида кенг нишонланади. Ушбу улуғ байрамни маҳаллаларда юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида мамлакатимизда “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” эълон қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Элликқалъа туманида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, туман маҳаллаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Ички кўчалар тартибга келтирилиб, ариқ-зовурлар тозаланмоқда. Ҳудудлар чиқиндилардан халос этилиб, дарахтлар оқланмоқда ҳамда гул ва манзарали кўчатлар экилмоқда. Шунингдек, жамоат жойлари, ижтимоий соҳа объектлари ва маҳалла ҳудудларини янада файзли ва шинам ҳолатга келтириш бўйича ҳашарлар уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида Чимбой туманида катта ободонлаштириш ҳаракати бошланди. Обод макон маҳалласидан бошланган бу эзгу иш барча ҳудудларни қамраб олмоқда. Бугун Чимбойнинг ҳар бир маҳалласи, ҳар бир кўчаси, ҳар бир хонадони бу ободлик ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Айниқса, Президентимиз томонидан маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ва “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш бўйича белгилаб берилган асосий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туманда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туман ҳокимлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, “Маҳалла еттилиги” ва “Обод макон” фуқаролар йиғини масъуллари иштирокида байрам олдидан олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг бориши жойида ўрганилди.
Ўрганиш давомида ҳудудлар қиёфасини тубдан яхшилаш, аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди ва мутасаддиларга тегишли топшириқ берилди.
Хўжайли туманида старт олган “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тозалаш ишлари олиб борилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар ушбу эзгу ташаббусни халқимиз билан биргаликда ҳамжиҳатликда ўтказиб, барчани табиатимиз мусаффолигига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишга чақирди. Шунингдек, бошланаётган ободонлаштириш ойлиги доирасида кўчалар, маҳаллалар, ижтимоий соҳа объектлари, ички йўллар тартибга келтирилиб, дарахт ва гул кўчатлари экилиши белгиланди.
Хусусан, шу куннинг ўзида кўчалар бўйидаги ёввойи ўт-ўланлар ва қуриган шохлар йиғиштириб олинди. Мазкур ишларга қўшимча махсус техникалар жалб этилиб, марказий кўчалар тоза ва обод масканга айлантирилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири